SPORTS.uz сайти журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаев ўз телеграм каналида Ўзбекистон кубоги ярим финал баҳсларида ким ғолиб чиқиши борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унга кўра, Қарши ва Олмалиқда ўтадиган баҳслар бир-биридан кескин фарқ қилади.
"Насаф" - "Динамо"
Дарҳақиқат, "Динамо" айни дамда чинакам сюрприз жамоага айланиб бормоқда. Аллақачон, элитага чиқишни уддалаган Абрамов шогирдлари жуда яхши кайфиятда Қаршига ташриф буюрмоқда.
Шунга қарамай, уларни "Насаф" кутиб турганини ҳам унутмаслик лозим. "Аждарлар" мавсум ўртасидаги кризис ҳолатидан чиқиб кетибгина қолмай, халқаро ва ички майдондаги ғалабалар сериясини бошлаб олган. Легионерлар ҳам секин-аста жамоа ўйин структурасига мослашишни бошлагани (айниқса, "Нефтчи" билан ўйинда) кўзга ташланмоқда.
Бердиев - Абрамов ўртасидаги ғоялар тўқнашуви ажойиб футбол ўйинини бизга совға қилиши турган гап. Баҳс фаворити - "Насаф"! "Динамо" Қаршида натижа қилиши учун ҳимоявий футбол ўйнашига тўғри келади. Абрамовнинг футбол тушунчалари бунга зид эканлигини ҳисобга олсак, эртага "Насаф" услуб жиҳатдан ўзи учун қулай бўлган рақиб билан майдонга тушади. Агар баҳс Самарқандда (лиқ тўла аренада) бўлганида, балки имкониятлар тенглашган бўлар эди. Ҳозирги кўринишда "Насаф" кейинги босқичга чиқиш учун асосий номзод.
Кутилмаган воқеалар содир бўлмаса, "аждарлар" биринчи финалчига айланиши эҳтимоли юқори.
ОКМК - "Навбаҳор"
Ном жиҳатдан биринчи ярим финалдан анча ёрқинроқ бўлишига қарамай, бу ўйинда бизни катта эҳтимол билан тактик тўқнашув кутиб турибди. Хатонинг нархи баланд бўлгани учун ҳам баҳсда кўпроқ ҳимоя биринчи планга кўтарилса керак. Учрашув Олмалиқда бўлиши наманганликлар учун қўшимча имконият тақдим этади. Сабаби, ўз мухлислари олдида жамоа босим остида палапартиш бўлсада, ҳужумга ўтишга ҳаракат қилиши кўп бор панд берганига гувоҳ бўлдик. Совуққонроқ "Навбаҳор" ҳужумкорига қараганда анча кучлироқ. ОКМК эса мавсумни қутқариб қолиш учун майдонда ҳар бир метр учун "жанг" қилиши аниқ.
Қосимов - Бабаян қарама-қаршилиги бизга катта эҳтимол шахмат партиясини тақдим этади. Наманганликлар ижрочилар даражаси эвазига натижага эришиши эҳтимоли юқори. Бу қарама-қаршиликда кичик устунлик меҳмонлар томонида.
Агар ўйин Наманганда бўлганида, олмалиқликлар финал учун асосий даъвогарга айланган бўлар эди."
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг