3 ноябрь оқшомида йил ўйини дея таърифланаётган “Пахтакор” ҳамда “Насаф” ўртасидаги ўта жиддий учрашув бўлиб ўтади. Чемпионат тугашига уч тур қолганида “Пахтакор”да 49, “Насаф”да 45 очко бор. “Шерлар” пешқадам сифатида чемпионликка яқин турибди.
Марказий учрашув иккала жамоа учун катта аҳамият касб этади. Шунинг учун барча ушбу ўйинни кутмоқда. Мухлисларга яхши таниш мутахассис Анвар Ғофуров эса “Пахтакор” – “Насаф” учрашув олдидан жамоаларнинг имконияти борасида муносабат билдирди.
"Авваламбор, иккаласи ҳам кучли жамоалар ва ҳар иккиси футбол ўйнашни билади. Натижа қилишни биладиган иккита ажойиб клублар бир-бирига қарши ўйнайдилар. Ким учрашувга яхшироқ тайёргарлик кўрган бўлса, ҳаммани назарда тутяпман – бу мураббийлар, футболчилар... Майдонда футболчилар ўйнайди. Уларга кўп нарса боғлиқ. Албатта, омад ҳам ўз сўзини айтади, деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам имконият яратишни биладилар. Ким унумли фойдаланади, бу ёғига омад кулиб боққанга насиб қилади. Табиийки, қизиқарли учрашув бўлади. Иккала жамоа ҳам биринчи рақам билан ўйнашни яхши кўришади. Буни улар ҳар доим ўз ўйинлари билан исботлашган. Бу очиқ футболни кўришни истайдиган мухлислар учун ажойиб ўйин бўлади, деб ўйлайман. “Пахтакор” ҳам”, “Насаф” ҳам олдида нима турганини ва бу қанақа ўйинлигини яхши билиб турибдилар. Кучли жамоа ғалаба қозонади.
“Пахтакор” мавсум давомида ўз ўйинлари билан 1-ўринга муносиблигини кўрсатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Унинг рақиблари ҳам “Пахтакор”га қарши бор кучи билан ўйнаяпти. Ҳозир осон рақибнинг ўзи йўқ. Барча учрашувлар жуда шиддатли. “Пахтакор” ҳам ҳозирда қийинчилик билан очколарини қўлга киритяпти. Енгил беллашувлар бўлмаяпти, буни аниқ айта оламан.
Очиғини айтганда, “Пахтакор” яхши таассурот қолдираётганди. Аммо охирги пайтларда “Насаф” яхши спорт формасига кириб олди ва ўйини ҳам шунга яраша бўляпти. Ҳозирги пайтда бу клуб жамоавий тарафдан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатяпти. Лекин бу “Пахтакор”га қарши баҳс олдидан ҳеч нимани англатмайди. Битта учрашувда кўп нарса бўлиши мумкин. “Пахтакор”да ҳам етарлича ижрочилар бор. Ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин. “Насаф”га қарши чемпионлик масаласи катта фоизда ҳал бўлиши эҳтимол. Иккала клуб ҳам вазиятни яхши билиб туришибди ва тайёргарликлари ҳам шунга яраша деб ўйлайман.
Назаримда, ушбу тўқнашувда кўпроқ голлар бўлади, деб ўйлайман. Чунки иккала жамоа ҳам очиқ футбол кўрсатишга ҳаракат қиладилар, менимча. Билмадим, балки кимдир сюрприз кўрсатиб, тўпни атайлаб рақибга бериб иккинчи рақам остида ўйнаши ҳам мумкин. ОЧЛда иккала клубда бунақа услубни кўрганмиз. Барибир иккиси ҳам футбол ўйнашни билади. “Насаф”ни ўтган йили 5 та ҳимоячи билан ўйнаган вақтлари бўлган. Шу боис балки улар иккинчи рақам остида ҳаракат қилиши ҳам мумкин", - дейди Ғофуров.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг