Элдор Шомуродов бугунги кунда энг машҳур футболчимиз. У ўз номини мамлакатимиз футбол тарихига муҳрлаган. Бундан ташқари, у Ўзбекистон миллий терма жамоасида энг кўп гол урган ўйинчи. Шомуродов мамлакатимиз бош жамоасида 66 та учрашувда рақиблар дарвозасини 37 маротаба ишғол қилган.
“Ювентус”да тарбияланган Илёс Зейтуллаевдан кейин Италия чемпионатида тўп тепган иккинчи ўзбекистонлик футболчи бўлишига қарамай, Шомуродов кучли бешлик чемпионатлари қаторига кирувчи А Серияда гол урган биринчи ўзбек футболчиси ҳисобланади.
Элдорнинг 2020 йили Россия Премьер-лигаси вакили “Ростов”дан Италиянинг энг қадимий клуби - Генуянинг “Женоа” жамоасига йўл олиши йилнинг энг шов-шувли трансферларидан бири бўлганди.
Бу масалани ҳал этишда Элдор Шомуродовга Prosports Management консалтинг компанияси ҳам ёрдам берган. Ҳозирги пайтда бир неча ўзбек легионерлари манфаатини ҳимоя қилаётган Қаҳҳор Мўминов sport24.ru сайтига берган интервьюсида Элдор Шомуродов фаолиятига доир маълумотлар билан ҳам ўртоқлашди.
— Шомуродовнинг ишлари қалай? “Кальяри”га ижарага кетишидан олдин Жозе Моуриньо билан гаплашдингизми?
— Энг муҳими, Клаудио Раньери билан қандай гаплашганимиз бўлди. Жаҳон футболининг ажойиб, танти ва жуда эътиборли мураббийи – Раньери билан бўлган суҳбатимиз Элдорни Сардиния вариантини танлашга ундади.
— Ҳар бир трансфер даври Элдорни Россияга қайтиши билан боғлиқ маълумотларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлади. Эшитишимча, ёзда “Спартак” унга жиддий қизиқиш билдирган ва Шомуродов ҳам бир неча марта Москвага келиб-кетган экан. Бу ўйинчининг истиқболдаги трансфери билан боғлиқ эмасми?
— Россиянинг икки клубидан жиддий қизиқиш бўлди. Бир таклиф Москвадан, иккинчиси, чемпионатнинг ҳозирги пешқадамидан.
Лекин маслаҳатлашиб, ҳозирча Италияда қолишга қарор қилдик.
— Шомуродов фаолиятининг ривожланиш стратегияси қандай бўлади?
— Келинг, катта гапирмайлик. Ҳозир Шомуродов ўзини қўлга олиб, ўзига бўлган ишончни ва самарадорликни қайтариши лозим. Ундан турли кутилмаган ечимлар пайдо бўлади.
—Ҳозирнинг ўзида унга Туркия ва Яқин Шарқ клубларидан жиддий қизиқиш бўляпти. 2024 йилнинг ёзида Элдорнинг “Рома” билан шартномаси тугашига кам вақт қолади. Ана ўшанда ҳаммасини кўриб чиқамиз.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йили “Женоа”га кўчиб ўтган палла ҳужумчимиз учун А Сериядаги энг муваффақиятли мавсум бўлди. 2021 йилнинг ёзида “Рома” билан узоқ муддатли шартнома тузган ҳамюртимизнинг пойтахт клубида ишлари юришмади. Ўтган мавсумни иккинчи қисмини Шомуродов “Специя”да ўтказиб, атиги битта гол урди.
Ёзда “Кальяри” ўзбек легионерини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир миллион евро эвазига мавсум охиригача ижарага олди. Агар Элдорнинг ўйини Клаудио Раньерига маъқул келса, сардинияликлар ёзда яна 9 миллион евро тўлаб, трансферни тўлиқ амалга оширади. Бироқ ҳозирча 28 ёшли ҳужумчимизнинг ўйини қовушмай турибди.
Демак, Шомуродовнинг келажаги бўйича кўп нарса Элдор мавсумнинг қолган қисмини қандай ўтказишига боғлиқ бўлади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг