10:42 / 13.11.2023
598

Қозоғистоннинг энг зўр тўпурари Зайнутдинов нега Ўзбекистонни танламаган?

Қозоғистоннинг энг зўр тўпурари Зайнутдинов нега Ўзбекистонни танламаган?

Бугунги кунда Қозоғистоннинг энг машҳур футболчиси Бахтиёр Зайнутдинов ҳисобланади. Фаолиятини “Тараз” жамоасида бошлаб, “Астана” билан мамлакат чемпионатида ғолиб чиққан футболчи 2019 йили “Ростов”га кўчиб ўтди.

Кейинчалик ЦСКА таклифини қабул қилган Бахтиёр ўтган ёздан эътиборан Туркиянинг “Бешиктош” жамоасида тўп тепмоқда.

Youtube ижтимоий тармоғидаги “Спорт Шредингера” канали Бахтиёр Зайнутдинов Ўзбекистон ўрнига Қозоғистон терма жамоасини танлагани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Sports.kz сайти ҳам хабар тарқатди.

 Бахтиёр Зайнутдинов “Тараз” ўринбосарлари жамоасида эмас, балки Ўзбекистонда пайдо бўлиши ҳам мумкин эди.

Тараз шаҳридаги мусобақаларга “Пахтакор” ва “Бунёдкор” каби клубларнинг ўсмирлар жамоалари тез-тез келиб туради. Бахтиёр бу жамоалар кўригидан ўтган бўлса-да, уларнинг сафига қўшилмади.

Фуқароликни танлашда оилавий муҳокамада бувиси Муҳаббатнинг сўзи ҳал қилувчи бўлди. У Бахтиёрнинг Ўзбекистонга ўтишига қарши эди.

Муҳаббат буви ҳали ҳамон набирасининг ўйинларини кузатиб келади. У Карпин ва Гончаренко билан ҳам мулоқот қилган, - дейди “Спорт Шредингера” канали муаллифи.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган истеъдодли футболчи этник ўзбеклардан. Буни журналистларга унинг отаси Ботиржон Зайнутдинов маълум қилган.

- Биз этник ўзбеклармиз. Лекин Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида туғилганмиз. Бобомнинг отаси бу ерларга Намангандан кўчиб келган. Ҳаётимиз футболга боғланган. Мен ўзим саломатлигим туфайли тўп тепмаганман. Шундай бўлса-да, ашаддий мухлисларданман. Ўғилларимнинг ҳаммаси футболчи. Тўнғич фарзандим Бобир дарвозабон бўлган. Жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини эрта тугатди. Шифокорлар шуни талаб қилишди. Ҳозир “Тараз” академиясида мураббий. Кенжа ўғлим Баҳром “Тараз” ўринбосарлари сафида ўйнайди. Ўртанчаси Бахтиёрни яхши танийсизлар, - деган эди Ботиржон Зайнутдинов.

Бахтиёр Зайнутдиновнинг ўзбек футболчилари билан муносабати жуда яхши. У “Ростов”да Элдор Шомуродов билан бирга ўйнаган.

Бундан ташқари, август ойида “Пахтакор”дан ЦСКА клубига кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев ҳам янги жамоага мослашишида Бахтиёр Зайнутдиновнинг ёрдами катта бўлганини алоҳида тилга олди.

Яна бир эътиборга молик маълумот шуки, Бахтиёр Зайнутдинов Қозоғистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг зўр тўпурар ҳисобланади. Бир неча позицияда ўйнай оладиган 25 ёшли футболчи халқаро майдонда2018 йилдан бери  34 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 14 маротаба ишғол қилишни уддалаган.

Бахтиёр Зайнутдинов Қозоғистон, Россия ва Туркия клубларидаги фаолияти давомида жами 195 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 25 та гол ва  16 та ассист расмийлаштирган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қозоғистоннинг энг зўр тўпурари Зайнутдинов нега Ўзбекистонни танламаган?