01:06 / 20.11.2023
1 115

“Кальяри”дан Шомуродовга яхши хабар

“Кальяри”дан Шомуродовга яхши хабар

Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”даги фаолияти барқарор кечмаяпти. Айрим баҳсларда фаоллиги билан ажралиб турган легионеримиз, баъзан ўзига билдирилган ишончни оқлай олмаяпти. Бу ҳолатни мутахассислар Элдор спорт формасини етарли даражада тиклай олмагани билан боғлаётган эди.

28 ёшли ҳужумчимиз клуб миқёсида қандай ўйин намойиш этишдан қатъи назар, Ўзбекистон миллий терма жамоасида сермаҳсуллик кўрсатаётганини эътироф этишган.

Ноябрь ойидаги ФИФА кунлари муносабати билан “Кальяри” жамоаси ҳам бир неча футболчисини ўз мамлакатлари терма жамоаларига юборган. Хусусан, октябрдаги йиғин ва ўртоқлик учрашувларини ўтказиб юборган Шомуродов бу гал Сречко Катанец ихтиёрига етиб келди.

Шомуродов 2026 йили бўладиган жаҳон чемпионати саралаш мусобақасининг биринчи тур учрашувида футболчиларимизни Туркманистон терма жамоасига қарши ўтказилган беллашувда майдонга бошлаб тушди.

Сунъий қопламали майдондаги баҳсда футболчиларимиз анча қийналиб бўласа-да, ғалаба қозонишни уддалади. Элдор Шомуродов ҳар учала голда иштирок этди. Отабек Шукуровнинг дублига тўп етказиб берган сардоримиз беллашув охирида ўзи ҳам гол урди.

“Кальяри” мураббийлар штаби вакиллари терма жамоага кетган футболчиларнинг ўйини ва кўрсаткичларини кузатиб бормоқда. Италия футболини ёритаётган  cagliarinews24.com сайти сардинияликлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинини эътибордан четда қолдирмагани ҳақида ёзди.

- А Сериянинг 13-турида Клаудио Раньери бошқарувидаги “Кальяри” ўз майдонида “Монца” жамоасини қабул қилади. Сардинияликлар ҳужумчиси Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Туркманистон билан бўлган сафардаги ўйинида гол урди.

Элдор тобора жисмоний ҳолатини яхшилаб бормоқда ва секин-аста бўлса-да, Клаудио Раньери ишончини қозона бошлади. Шомуродовнинг терма жамоадаги сермаҳсуллигини инобатга олиб, “Кальяри” мураббийлар штаби “Монца” билан бўладиган тўқнашувда ўзбек ҳужумчисининг хизматидан фойдаланмоқчи, - деб ёзди сайт журналисти Диего Демуртас.

Яна бир италиялик журналист Эммануэль Олла ҳам бу борада ўз муносабатини билдирди. 

- "Кальяри" ҳужумчиси Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Туркманистон билан бўлган учрашувда гол урди. Бу баҳсда Элдор терма жамоа етакчиси сифатида кучини кўрсатди.

Табиийки, унинг бу ҳаракатлари Клаудио Раньери эътиборидан четда қолмайди. Чунки италиялик мутахассис шогирдларини бутун дунё бўйлаб диққат билан кузатиб боради.

Ўзбек футболчиси аввалги турда "Ювентус"га қарши ўтказилган учрашувда ҳам жуда яхши ўйнаган эди. Энди ҳақиқий Шомуродовни кўрадиган пайт келганга ўхшайди, - деб ёзди Эммануэль Олла.   

Дарҳақиқат, Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган ҳужумчи ҳисобланади. у халқаро миқёсида 67 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасига 38 та тўп киритган.

2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўйнаётган Шомуродов голларининг тенг ярмини, яъни 19 тасини кучли бешлик чемпионатлари таркибига кирувчи А Серияга кўчиб ўтганидан кейин киритган.

“Кальяри” ва “Монца” ўртасидаги учрашув 26 ноябрга белгиланган.  Эътиборли томони шундаки, “Монца” ҳам ёзда Элдор Шомуродовга жиддий қизиқиш билдирганди. Бироқ легионеримиз якунда Клаудио Раньери қўл остида тўп тепишни маъқул кўрди.

Элдор жорий мавсумда А Серияда ўнта беллашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта ассист ёздириб қўйди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Кальяри”дан Шомуродовга яхши хабар