Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати Осиё қитъаси саралаш гуруҳида Эрон футболчилари билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Тошкентдаги учрашувда Сречко Катанец шогирдлари биринчи бўлимда иккита тўп ўтказиб юборди. Бироқ танаффусдан кейин терма жамоамиз рақибни босим остида ушлади ва мағлубиятдан қутилиб қолди.
Дунё мамлакатларида футболни ёритаётган манбалар Осиё футболидаги энг шиддатли қарама-қаршиликлардан бири – Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги учрашувга ҳам эътибор қаратди.
Sports.uz портали ушбу беллашув натижасини ёритган манбалар маълумотларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Италия: TUTTOCAGLIARI.NET
2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидаги саралаш турнирида “Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов етакчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси кучли рақиб – Эрон футболчиларини тўхтатиб қолди. Элдор Шомуродов учрашувни ҳужум марказида бошлади. Ўйинда “Интер”нинг трансфер нишони бўлган Тареми ҳам гол урди. Гонконг ва Туркманистон терма жамоалари ҳам ўйнаётган ушбу гуруҳда Эрон ва Ўзбекистон етакчилик қилмоқда. Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар кейинги босқичга чиқади.
Франция: LE11HDF.FR
Жаҳон чемпионатининг Осиё минтақасидаги саралаш турнирида “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Эрон билан бўлган учрашувда жуда кам ўйнади. Ўзбекистон терма жамоа мураббийлар штаби уни ўйиннинг сўнгги дақиқаларида майдонга туширди. Ҳимоячи 2:2 ҳисобини ушлаб қолишга ёрдам берди.
Эрон: MEHRNEWS.COM
Эрон терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш мусобақасида Ўзбекистон билан сафарда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Биринчи бўлимда мезбонлар дарвозабони Ўткир Юсупов Рамин Ризоён зарбасини қайтара олмади. 38-дақиқада Меҳди Тареми ҳисобни 2:0 қилди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақибдан анча яхши ўйнади ва ҳисобни тенглаштирди. 52-дақиқада Остон Ўрунов ва ўйин якунланишига етти дақиқа қолганида Игорь Сергеев тўп киритди.
Бу натижа туфайли ҳар икки жамоа 2024 йилнинг март ойига белгиланган кейинги тур учрашувларига гуруҳ пешқадами сифатида кириб боришини таъминлади.
Россия: EURO-FOOTBALL.RU
Тошкентдаги учрашувда гуруҳ фаворитлари ўзаро тўқнаш келди. Ўзбекистон ҳам, Эрон ҳам 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашини ғалаба билан бошлаган эди. Бу гуруҳдан кейинги босқичга Эрон ва Ўзбекистон чиқишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Улар қай бирлари биринчи ўринни эгаллашини асосан ўзаро учрашувда ҳал қилиб олиши лозим.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида кўпчиликнинг эътибори Россия Премьер-лигасида ўйнаган Элдор Шомуродов ва Остон Ўруновга қаратилди. Эрон ўзининг энг машҳур юлдузлари – Меҳди Тареми ва Сардор Азмунга таяниб ўйнади.
Дастлаб эронликлар иккита гол урган учрашувнинг иккинчи ярмида ўзбеклар ҳаммасини ўзгартира олди. Меҳмонлар ғалабани ушлаб қолиш ҳаракатларини анча эрта бошлаб юборди. Бу уларга қимматга тушди. Остон Ўрунов Элдор Шомуродовнинг пасидан кейин ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Кейин Игорь Сергеевга голли пас узатди.
Гуруҳ етакчилари тўқнашувида жанговар дуранг қайд этилди. Ҳар икки жамоа ўйиннинг айрим паллаларида ёрқин футбол кўрсатди. Улар бир бирига муносиб рақиб эканини яна бир карра исботлади.
Қозоғистон: SPORTS.KZ
Ўзбекистон жаҳон чемпионати саралаш учрашувида сенсацион камбэкни амалга оширди. “Е” гуруҳининг Тошкентда ўтказилган учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси эронликларни қабул қилди. Ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.
Майдон эгалари биринчи бўлимдан кейин 0:2 ҳисобида ортда қолаётган эди. Кейин Остон Ўрунов 52-дақиқада ҳисобни қисқартирди. “Тобол” ва “Актобе” жамоаларининг собиқ ҳужумчиси Игорь Сергеев захирадан майдонга тушиб, 83-дақиқада ҳисобни тенглаштирди.
Таъкидлаш жоизки, Эрон терма жамоаси ўйиндан олдин фоварит сифатида эътироф этилганди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг