21:13 / 22.11.2023
551

Ўзбекистоннинг чорак финалдаги рақиби Франция жаҳон чемпионатидан четлатилиши мумкин!

Ўзбекистоннинг чорак финалдаги рақиби Франция жаҳон чемпионатидан четлатилиши мумкин!

Индонезияда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги давом этаётган жаҳон чемпионатида кутилмаган вазият юзага келди.

Маълумки, дунёнинг бу ёш тоифасидаги энг кучли терма жамоалари иштирок этаётган мусобақада чорак финалчилар номи аниқ бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финал учрашувида мусобақада чемпионликка даъвогар ҳисобланган Англия футболчиларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, шов-шув кўтарди.

Ҳамюртларимиз чорак финалдаги рақиби Франция ва Сенегал терма жамоалари ўртасидаги учрашувда аниқланди. Ўйинда ҳисоб очилмагани боис, баҳс ғолиби пенальтилар сериясидан аниқланди ва унда Европа вакиллари 5:3 ҳисобида ғолиб чиқди.

Франция терма жамоаси футболчиларининг қувончи узоққа чўзилмаслиги мумкин. Бир неча нуфузли манбаларнинг таъкидлашича, ФИФА мутасаддилари бу жамоани мундиалдан четлатиш масаласини кўриб чиқишига тўғри келади.

Бунга “Монпелье”дан таклиф этилган Яннис Иссуфу сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Маълум бўлишича, бу ўйинчи мазкур жаҳон чемпионатининг саралаш турнирида Нигер терма жамоаси сафида ҳам тўп тепган.

Sport News Africa нашрининг ёзишича, Франция футбол федерацияси Иссуфунинг Африкадаги саралаш ўйинларида қатнашганидан бехабар бўлган. Футболчининг ўзи ҳам бошқа мамлакат ёшлар терма жамоасида ўйнаганини айтмаган.

ФИФА қоидаларига кўра, футболчилар бир мусобақа доирасида бошқа-бошқа жамоалар ўйинчиси сифатида қатнашиши қатъиян ман қилинади. Шу боис, айрим мутахассислар Франция терма жамоаси мусобақадан четлатилиши лозимлигини таъкидламоқда.

Агар Франция терма жамоаси билан бир квартетдан жой олган ва гуруҳда қолиб кетган Буркина Фасо мусобақа ташкилотчиларига апелляция берадиган бўлса, масала янада жиддийлашади.

Индонезиядаги жаҳон чемпионатида Иссифу гуруҳ босқичининг учала учрашувида ҳам майдонга тушди. Жумладан, асли нигерлик бўлиб чиққан футболчи биринчи турда Буркино-Фасога ҳам қарши тўп тепган.

Аниқланишича, Иссуфу Нигер ёшлар терма жамоаси сафида 2022 йили Ганада ўтказилган саралашда Кот-д’Ивуар ва Бенинга қарши иккита беллашувда қатнашган. Истеъдодли футболчи ивуарликлар дарвозасини ишғол қилган бўлса, Бенинга қарши баҳсда учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиё қитъасидан бешта терма жамоа қатнашди. Ўзбекистон иштирокини давом эттираётган қитъамизнинг ягона вакили ҳисобланади.

Ҳамюртларимиз гуруҳ баҳсларида Малидан 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, Канада дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди. Ҳал қилувчи учинчи учрашувда Испания билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган ёшларимиз, нимчорак финалга чиққан эди.

Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги чорак финал учрашуви 25 ноябрга белгиланган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг чорак финалдаги рақиби Франция жаҳон чемпионатидан четлатилиши мумкин!