Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўз тарихида илк марта Англияни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олган Осиёнинг ягона жамоасига айлангач, инглиз матбуоти АПЛ клублари тарбияланувчиларининг ФИФА рейтингида 73-ўринда жойлашган мамлакат жамоасига мағлубиятини танқид қилган бўлса, хориж нашлари Лазизбек Мирзаевнинг суперголи ва Ўзбекистоннинг ғалабасини сенсация сифатида баҳолади.
The Sun: «Қақшатқич зарба»
Буюк Британиянинг йирик нашрларидан билан «The Sun» таблоиди Англия ўсмирлар жамоасининг ЖЧ-2023 нимчоракфиналида Ўзбекистонга сенсацион тарзда мағлуб (1:2) бўлгани ҳақида ёзиб, Индонезия пойтахти Жакартада қақшатқич зарбага учраганини сарлавҳага олиб чиққан.
Daily Sports: «Англия уйига қайтди. Ўзбекистон U17 жамоасидан жаҳон чемпионатида сенсацион юриш»
Англиянинг «Daily Sports» нашри эса мамлакат ўсмирлар жамоасининг мундиалдан уйига равона қилингани ҳақида ёзиб, Ўзбекистон U17 жамоасининг чоракфиналга чиқишини сенсацион юриш деб атаган.
VOI: «Роналдудан илҳомланадиган «Британ кушандаси»
VOI нашри Ўзбекистоннинг Англия устидан қозонган ғалабасини сенсация деб атаб, инглизларнинг мағлуб этилишига сабаб бўлган ғалаба голи муаллифи Лазизбек Мирзаевнинг интервьюсини келтирган. Жарима зарбасидан супергол муаллифига айланган Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси сардори Роналдуга ҳавас қилиши ва унга ўхшаш учун бор имкониятини ишга солаётгани ҳақида гапирган. Нашр Ўзбекистон Индонезияда маҳаллий мухлислар томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганини ёзиб, энди Осиё шаъни учун ҳам курашаётган жамоамизга омад тилаган.
The Guardian: «ЖЧ-2017да чемпионлик, ЖЧ-2023да нимчоракфинал»
Буюк Британиянинг йирик нашрларидан билан «The Gurdian» Англия ўсмирлар жамоасининг ЖЧ-2023 нимчоракфиналида Ўзбекистондан учралган мағлубият ҳақида эълон қилган мақоласида, ўсмирларимиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаевнинг ўйиннинг сўнгги дақиқаларида тўпни тепиб юбориб, майдондан четлатилганини сарлавҳага келтирган.
Шунингдек, Англия ўсмирлари сўнгги ЖЧдан аввал – 2017 йилги мундиалда Стив Купер қўл остида чемпион бўлгани, бу сафар эса Райан Гарри қўл остидаги жамоа нимчоракфиналдаёқ турнирни тарк этиб, ишончни оқлай олмагани ҳақида ёзган.
«Mail Online»: «Англия ФИФА рейтингида 73-ўриндаги мамлакат жамоасига мағлуб бўлди»
Буюк Британиянинг Mail Online нашри эса Англия U17 жамоасининг Жакартада Ўзбекистонга сенсацион тарзда ютқазгани ҳақида ёзиб, Премьер-лига клублари тарбияланувчиларининг ФИФА рейтингида 73-ўринда жойлашган мамлакат жамоасига мағлубиятини танқид қилган. Шунингдек, ўйин якунида Ўзбекистон ўсмирлари бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев «ёш шерлар»нинг ҳисобни тенглаштиришга бўлган уринишини тўпни тепиб юбориш билан аралашгани ёзилган.
«Daily Star»: «Ўзбекистон мураббийи жанжалга сабаб бўлган ўйинда Англия турнирни тарк этди»
Англиянинг Daily Star нашри эса инглиз ўсмирларининг Ўзбекистонга мағлубияти ҳақида ёзиб, ҳамюртларимиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаевни ўйин якунида қизил карточка олганини қайд этган.
Англия U17 жамоасининг 9 нафар аъзоси – «Челси» ва «Ман Сити» тарбияланувчилари
Англиялик ўсмирларнинг ЖЧ-2023даги мағлубиятига АПЛ клублари ҳам бефарқ бўлмади. Хусусан, бу жамоа сафида энг кўп тарбияланувчига эга «Челси» (5 нафар) ва «Манчестер Сити» (4 нафар) клублари расмий саҳифасида Ўзбекистондан учралган мағлубият ҳақида шарҳ ёзиб, тарбияланувчиларининг турнирдаги якуний иштирокига баҳо берилган.
Осиё Футбол Конфедерацияси ҳам Ўзбекистоннинг ЖЧ-2023даги иштирокини ҳаяжон билан кузатаётгани аниқ. Сабаби айнан бизнинг жамоа турнирда Осиёнинг ягона вакили бўлиб қолди. Англия устидан қозонилган ғалабадан кейин ОФК ҳам ғалаба билан қутлади.
Шунингдек, ЖЧ-2023 баҳсларини таҳлил қилиб бораётган аналитик Бен Гриффис ҳам Англия – Ўзбекистон (1:2) ўйинига тўхталиб, ўсмирларимизнинг инглизлар устидан ғалабасини фақат омад туфайли эмас, тактик жиҳатдан ҳам устун келганини статистик маълумотлар орқали кўрсатган.
Россиянинг «Чемпионат.com» сайти эса Ўзбекистоннинг Англия устидан қозонилган ғалабасидан кейин мақола эълон қилиб, Россия Премьер-лигаси клублари ўзбекистонлик ўсмирларга эътибор қаратиши лозимлигини, бу ерда янги Файзуллаев ва Ҳусановлар бўлиши эҳтимоли ҳақида ёзган. Шу жумладан, ўсмирларимизнинг етакчиси сифатида гавдаланаётган Лазизбек Мирзаев ва Амирбек Саидовнинг ўйинлари рус клублари диққат марказида бўлиши лозимлиги уқтирилган.
Вакилларимизнинг ғалабасини нафақат ОАВ ва футбол мутахассислари, балки дипломатлар эътироф этишди. Жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт твиттердаги саҳифаси орқали Ўзбекистон ўсмирлар жамоасини Англия устидан қозонилган ғалаба билан табриклади.
Қайд этиш жоиз, ЖЧ-2023даги муваффақиятли юришдан кейин Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси ҳақидаги хорижий нашрларидаги мақола ва постларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ўзбек футболи тарихида иккинчи марта чоракфиналга етиб келган ўсмирларимиз эртага, 25 ноябр куни Францияга қарши яримфинал йўлланмаси учун кураш олиб бориши кутилмоқда. Умид қиламизки, Жамолиддин Раҳматуллаев устозлигидаги жамоа ўзбек футболи тарихида янги саҳифа яратиб, бу сафар Франция нашрлари учун ҳам асосий мавзуга айланади.
Усмон Ибодов
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг