20:25 / 08.12.2023
740

Файзуллаев Европанинг “топ-5” лигаларига кетадиганлар рўйхатида...

Файзуллаев Европанинг “топ-5” лигаларига кетадиганлар рўйхатида...

Кейинги йилларда Россия Премьер-лигасидан Европа чемпионатларига кўчиб ўтаётган футболчилар сафи кенгая бошлади.

Россия футболини ёритиб бораётган metaratings.ru сайти экспертлари Россия Премьер-лигасида ўйнаётган, кучли лигалар жамоалари скаутлари кузатувида турган ва яқин келажакда Европага йўл олиши мумкин бўлган чарм тўп усталари рўйхатини шакллантирди.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига Россия Премьер-лигасидан “кўҳна қитъа”га кўчиб ўтиши кутилаётган ўйинчилар ҳақида хабар беради.

Нурали Алип

Қозоғистонлик футболчи “Зенит”га ўтганидан кейин бразилиялик Роберт Ренаннинг асосий таркибдаги жойини тортиб олди. Нурали аввалги икки мавсум давомида Россия футболига мослашишга ҳаракат қилди ва нисбатан кам ўйнади. Бироқ бу мавсумда амалдаги чемпионларнинг ҳимоя марказини ушлаб турибди.

Оммавий ахборот воситалари Алипни “Манчестер Юнайтед” жиддий кузатаётгани ҳақида хабар тарқатмоқда.  

Константин Тюкавин

21 ёшли ҳужумчи Москванинг “Динамо” жамоаси етакчиси ҳисобланади. Унинг ёрқин ўйини Европа клублари скаутлари назаридан четда қолмайди. Жорий мавсумда Тюкавин Премьер-лигада 17 та учрашувда саккизта гол ва бешта ассист муаллифи бўлди.

Футболчининг агенти Алексей Сафонов унинг мижозига Европадан жуда кўп қизиқиш бўлаётганини таъкидламоқда.

Аббосбек Файзуллаев

Ўзбек футболчиси мавсумнинг энг ёрқин кашфиёти бўлди. 20 ёшли футболчи 500 минг евро эвазига ЦСКАга кўчиб ўтган эди. Уч ой ичида унинг трансфер сўммаси тўрт баравар ошди.

Аббосбек Файзуллаев Россия футболига ёриб кирди. Кетма-кет икки ой ЦСКАнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Бир неча марта учрашувнинг энг яхши футболчисига аталган совринни қўлга киритди.

“Пахтакор” тарбияланувчиси 20 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё ва жаҳон чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатганидан буён хорижлик скаутлар кузатувида.

 Аслида Файзуллаев Тошкентдан тўғри Европага йўл олмоқчи эди. Бироқ катталарнинг маслаҳатига амал қилиб, Россия Премьер-лигасига келди. Экспертлар агар Файзуллаев шу даражада ёрқин ўйин намойиш этса, Европа эшиклари тез очилишини таъкидламоқда.

Сергей Пиняев

Россия футболининг энг ёрқин истеъдодларидан бўлган Пиняевга кейинги пайтда барқарорлик етишмаяпти. Мутахасссислар 19 ёшли футболчи фаолиятида барқарорликка эришиб, Европада ўйнай оладиган даражага етишига ишонч билдиряпти.

Пиняевга Европадан қизиқиш аввалдан бор. У бир неча маротаба “Манчестер Юнайтед”га бориб, малакасини ошириб келди.

Фёдор Чалов

ЦСКА ҳужумчиси кетма-кет иккинчи мавсум тўпурарлик маҳоратини намойиш қилмоқда. Чаловнинг ўзи ҳам кучини Европада синаб кўришни истаяпти.

Фёдор 2022 йилнинг биринчи ярмини Швейцариянинг “Базель” жамоасида ўтказган ва мамлакатдан ташқарида ўйнаш тажрибасига эга.

 Ваня Дркушич

“Сочи”га сардорлик қилаётган Словения терма жамоаси ҳимоячиси Ваня Дркушич ҳам Европага тортадиган футболчилар қаторида. Ёзда уни “Нант” сўраган эди. Лекин клублар ўзаро келиша олмади.

24 ёшли футболчи ҳали Европанинг кучли лигаларида тўп тепишга улгуришига ишонади. Айниқса, Словения келаси ёз Европа Чемпионатида иштирок этишини инобатга олсак, Ванянинг ишлари тез орада янада юришиб кетишининг эҳтимоли катта.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев Европанинг “топ-5” лигаларига кетадиганлар рўйхатида...