22:41 / 08.12.2023
780

Шомуродов “Кальяри”да нега ўйнай олмаётгани сабабини айтишди

Шомуродов “Кальяри”да нега ўйнай олмаётгани сабабини айтишди

Италия футболини ёритаётган tuttocagliari.net  сайти журналистлари мамлакатда таниқли шахс –  Эухенио Гиоццидан интервью олди. Гиоцци кўпроқ Жен Ньокки тахаллуси билан танилган. Унинг асосий касби телебошловчи ва комик.

Шунга қарамай, Ньокки футболчи ҳам ҳисобланади ва А Серия клублари билан профессионал шартнома имзолаган.

Ньокки 2006-2007 йилларда ўша ёши элликдан ўтганига қарамай, ўша даврнинг айрим номдор футболчиларидан яхшироқ ўйнашини ва А Серияда тўп тепишига имкон беришларини талаб қилади. Унинг ташаббусини Марчелло Липпи ва Алессандро дель Пьеро қўллаб қувватлайди. А Сериядан “Аталанта”, “Торино”, “Сиена” ва қуйи лигадан “Болонья” машҳур комик бошловчига ўзини синаб кўришни таклиф этади.

2007 йилнинг 23 май куни 52 ёшли  Гиоцци ўзининг севимли жамоаси “Парма” билан қисқа муддатли профессионал шартнома тузади.  Унга Италияда А Сериянинг профессионал ўйинчиларига белгиланган энг кам маош миқдори – 18 минг евро иш ҳақи тайинланади. Ёшига мослаб 52-рақамни олган ва Ньокки тахаллуси остида рўйхатдан ўтган янги футболчининг дебюти лиганинг сўнгги турида  “Эмполи”га қарши баҳсда бўлиши кутилган эди. Бироқ “Парма” юқори дивизионда қолиш учун курашаётгани боис қарияни майдонга туширмайди.

Лекин орадан бир неча кун ўтиб, “Парма” мураббийлар штаби уни ўртоқлик ўйинида синаб кўради.

Гиоцци 2009 йили февралда А Серия вакили “Женоа” билан ярим йиллик шартнома тузган. Журналистлар футболни яхши тушунадиган бу мутахассисдан “Кальяри” ҳақидаги саволларга жавоб олди.

- Сиз Кдаудио Раньери бошқараётган “Кальяри”нинг А Серияда қолишини қандай баҳолайсиз? Кейинги учта учрашувда жамоа мақтовга яраша ўйин кўрсатган бўлса-да, атиги бир очко олди ва хавфли ҳудудга тушиб қолди...

- Мен “Кальяри” футболчилари “Лацио”га қарши зўр ўйнаганини кўрдим. Агар сўнгги дақиқада римликлар дарвозабони Проведель жамоасини қутқармаганида ўйин дуранг бўларди. Сардинияликлар Туринда “Ювентус”га қарши ҳам жуда яхши ўйнади. Жамоада қуйи лигага тушиб кетишдан қутилиб қолиш учун ҳамма имкон етарли.

Қолаверса, мен Ористанионинг мухлисиман. Унда буюк футболчи бўлиш салоҳияти бор. Узоқ йиллар олдин “Парма” ўйинчиси бўлганман. Ўшанда жамоада Клаудио Раньери ҳам бор эди. Бу мутахассис иқтидор эгаларини бошқалардан эртароқ аниқлай олишини яхши биламан.

“Кальяри”да ундан ташқари Лувумбо ва Макумбо каби истедодлар ҳам бор. Ана шундай ўйинчилар билан таъминланган жамоа А Сериядаги жойини сақлаб қолиши керак.

- Элдор Шомуродовни “Кальяри”даги энг “сирли ҳужумчи” деб айтишмоқда. Айрим ҳолатларда ўзбек футболчиси юқори савияли ўйин намойиш қилмоқда. Лекин Раньери уни кўпинча ўйин охирларида майдонга туширяпти. Сизнингча, Шомуродов марказий ҳужумчими ёки иккинчи ҳужумчи номига мосми?

- Менимча, Элдор кўпроқ иккинчи ҳужумчи ҳисобланади. Унинг муаммоси кўпроқ тактик схема билан боғлиқ.

Шомуродов чизиқларни боғлаб турадиган ўйинчи ҳисобланади. Бироқ худди шу вазифани Виола ҳам бажармоқда. Клаудио Раньери бу вазиятда улардан бирини танлашига тўғри келяпти. Виола эса, ўзи бошланғич таркибда ўйнаган учрашувларда маҳорат кўрсата оляпти.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов А Серияда ўнта учрашувда майдонга тушган бўлса-да, майдонда жами 296 дақиқа ҳаракат қилган холос.  Ҳали голлар ҳисобини очмаган ҳужумчимиз атиги битта ассист билан чекланиб қолди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов “Кальяри”да нега ўйнай олмаётгани сабабини айтишди