“Пахтакор” тарбияланувчиси Аббосбек Файзуллаев августда ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери Россия Премьер-лигасида ўзини кўрсатиб келаётган эди. Россиялик мухлису мутахассислар ҳам ўзбек ленионерининг учрашувнинг, жамоасининг, ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилишига кўникиб қолди.
Футбол жамоатчилигининг аксарияти 20 ёшли ҳамюртимизни Премьер-лиганинг биринчи даврасидаги энг асосий кашфиёт сифатида тан олди.
2023 йилнинг энг охириги катта тўқнашувларидан бири – “Краснодар” ва ЦСКА баҳсида эса, Аббосбек Файзуллаев кутилган ўйинни намойиш қила олмади.
18-тур доирасида ўтказилган ушбу учрашувда мезбонлар сўнгги дақиқаларда “армиячилар” дарвозасини ишғол қилиб, ғалабани илиб кетди. Тўп киритилган вазиятда легионеримиз рақиб футболчиси Никита Кривцовни бўш қолдирди.
SofaScore таҳлилчилари ЦСКА таркибида учрашувни энг бўш ўтказган ва энг яхши ўйнаган футболчиларни аниқлади.
Унга кўра, Аббосбек Файзуллаев беллашувда энг паст кўрсаткичларни қайд этган футболчи сифатида эътироф этилди.
20 ёшли ҳужумкор футболчининг ҳаракатлари паст баҳоланишига кўп жиҳатдан голли вазиятни бой бергани сабаб бўлди. Қолаверса, Аббос бу гал дриблингларини қўллай олмади. Рақибни алдаб ўтишга бир бор уриниб кўрди, бироқ у ҳам иш бермади. “Краснодар” ўйинчилари эса икки марта Аббоснинг ўзини дриблингда алдаб ўтиб кетди.
Файзуллаевнинг 20 та пасидан еттитаси жамоадошларига етиб бормади. Аббосбек аввалги ўйинлардан фарқли равишда яккакурашларда фаол қатнашмади. Олти марта курашга киришган легионеримиз бир марта тўпга эга чиқди. Ҳимоя чизиғида бир мартагина тўпни рақибдан олиб қўйди.
Аббоснинг жарима майдончаси ичига узатган бешта тўпидан атиги биттаси аниқ чиқди холос.
ЦСКА етакчиларидан Иван Обляковнинг ҳам ўйини қовушмади. Аббосбек Файзуллаев ва Фёдор Чалов билан бирга ҳужум учлигини ташкил қилиши талаб этилган Обляков “Краснодар” дарвозасибони Матвей Сафоновга ҳеч қандай таҳдид туғдира олмади. Уч марта дриблинг ишлатишга ҳаракат қилган бўлса-да, рақибни алдаб ўтолмади. Ўн маротаба тўпни йўқотди. Яккакурашларнинг аксариятида мағлуб бўлди.
ЦСКАнинг бразилиялик легионери Мойзес ҳам энг паст баҳоланган ўйинчилардан бўлди. Мутахассислар бу ҳолатни футболчининг жисмоний тайёргарлиги етарли даражада бўлмагани билан изоҳламоқда.
Статистикада Мойзес атиги икки марта рақибдан тўп олиб қўйгани ижобий кўрсаткич сифатида қайд этилган. Бироқ ҳимоячиларга хос бўлган рақиб пасларини тўхтатиб қолиш, зарбани тўсиш каби ҳимоя функцияларини бажаргани йўқ.
ЦСКАнинг энг яхши футболчиси ҳужумчи Фёдор Чалова бўлди. Бу форвард жуда фаол ўйнади, бироқ асосий вазифаси – гол уришни уддалай олмади холос. Чалов уч марта голга тортадиган зарба берди. Жамоадошларини икки марта қулай вазиятга чиқарди. Яккакурашларда чўчимай курашди.
Прессинг ва тўпни рақибдан олиб қўйишда ҳам фаоллик кўрсатди, жамоанинг етакчиси сифатида ҳаракат қилди.
ЦСКА бу мағлубиятдан кейин мусобақа жадвалида саккизинчи ўринга тушиб кетди. Энди Россия Премьер-лигасида 2024 йилнинг 1 мартига қадар танаффус бўлади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг