Қатарда давом этаётган Осиё кубогининг гуруҳ босқичи қизғин паллага кирди. 18 январь куни “В” гуруҳида иккинчи тур ўйинлари ўтказилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳиндистонлик футболчилар билан куч синашади.
Бўлажак баҳс мусобақани давом эттиришимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Футболчиларимиз биринчи турда Сурия терма жамоасини енга олмади. Экспертлар бу беллашувда ўзбекистонликлар бир очко олганини эмас, икки баллни қўлдан чиқарганини таъкидламоқда.
Айни пайтда футболга ихтисослашган манбалар Осиё кубогидаги учрашувлар таҳлилига эътибор қаратган. Хусусан, Германиянинг wettfreunde.net сайти экспертлари иккинчи турдан ўрин олган Ўзбекистон ва Ҳиндистон баҳсида ҳар икки терма жамоа имкониятларини баҳолади.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ушбу таҳлилни ҳавола этади.
- Осиё кубоги тобора қизғин тус олмоқда. Гуруҳ босқичининг иккинчи турида мусобақа фаворитлари нимчорак финалга чиқиш учун керакли очколарни жамғариши шарт.
“В” гуруҳида кейинги босқичга чиқиш имконини сақлаб турган икки мамлакат – Ҳиндистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Учинчи ўрин соҳиблари ҳам айрим кўрсаткичларга кўра, мусобақани давом эттириш имконига эга бўлишини ҳам инобатга олиш даркор.
Биринчи турдан кейин ҳар икки терма жамоа маълум маънода босим остида қолди. Уларда ҳали гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаш имкони бор.
Ҳиндистон дунёнинг энг аҳолиси кўп мамлакат ва иқтисодий қудратини шиддат билан ривожлантириб бормоқда. Бироқ футбол нуқтаи назаридан ҳали катта қадамларни ташлай олгани йўқ.
Ҳиндистон Осиёнинг энг кучли терма жамоалари қаторига кирмайди. Бироқ ўзи жойлашган минтақа – Жанубий Осиёда муайян ютуқларга эга.
Қатарга катта умидлар билан келган ҳиндлар биринчи ўйинда Австралиядан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳиндистонликлар ўтган ёздан бери жаҳон ва қитъа чемпионатлари саралаш ўйинлари ва ўртоқлик учрашувларидан олтитасида майдонга тушиб, беш марта рақибларга имкониятни бой берди.
Жамоанинг энг нозик нуқтаси ҳимоя чизиғи ҳисобланади. Ҳиндларнинг ишонган “қуроли” 39 ёшли форвард Сунил Чхетри. Халқаро миқёсда 2005 йилдан бери тўп тепиб келаётган ҳужумчи терма таркибида 145 та учрашувда ўз ҳисобига 93 та гол ёздириб қўйган. Чхетри ҳали фаолияти давомида Ўзбекистон терма жамоасига қарши бирор марта ўйнамаган.
Ўзбекистон футбол тараққиёти бўйича Ҳиндистондан ўтиб кетганига анча бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси 2019 йилги қитъа чемпионатида 1/8 финалгача етиб борди. Иштирокини Австралияга қарши ўтказилган баҳсда пенальтилар сериясидан кейин тўхтатди.
Қатарга келган терма жамоа таркибида дунёнинг кучли лигаларида ўйнаётган футболчилар бор. Улардан икки нафари – Аббосбек Файзуллаев ва Рустам Ашурматов Россия Премьер лигасида ўйнайди. 19 ёшли марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов Европа Чемпионлар лигаси иштирокчиси Франциянинг “Ланс” клуби вакили ҳисобланади.
Бош мураббий Сречко Катанец қитъа чемпионатида терма жамоанинг энг кучли футболчиси – “Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродовдан фойдалана олмайди. Халқаро миқёсда 68 та ўйинда 38 та тўп киритган форвард терма жамоанинг алиштириб бўлмас вакили ҳисобланади. Ўтган йил охирида бармоғини синдириб олган Шомуродов терма жамоасига ёрдам бера олмайди.
Шунга қарамай, Сречко Катанец асосий юлдузсиз ҳам ғалаба қозониш мумкинлигини намойиш қилган ўйинлар бор. Ўзбекистон сўнгги еттита учрашувдан бештасида ғолиб чиқди. Ғалабали баҳслардан учтаси Шомуродовсиз қўлга киритилган.
Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги старти кутилганидек чиқмади. Ўзбеклар Сурия терма жамоаси билан очко бўлишишга мажбур бўлди.
Умуман олганда, марказий осиёликларни енгиш қийин. 2023 йилда ўзбеклар жами 13 та учрашувда қатнашиб, шундан атиги иккитасида мағлуб бўлган. Ҳозирча, Ўзбекистоннинг мағлубиятсиз серияси саккизта учрашувга етди.
Ўзбекистонлик футболчилар ҳиндлар билан сўнгги маротаба 2001 йили тўқнаш келган. Ўшанда баҳс 2:1 ҳисобида ўзбеклар фойдасига ҳал бўлган. Ўзаро олтита учрашувдан бештасида марказий осиёликларнинг қўли баланд келган ва бир марта дуранг қайд этилган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси плей-офф босқичига чиқишни мақсад қилган ва Ҳиндистон футболчиларига қарши бўладиган баҳсда фаворит ҳисобланади, - деб ёзди wettfreunde.net сайти эксперти Йозаннес Скиба.
"В" гуруҳининг иккинчи туридан ўрин олган Ҳиндистон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўйини 18 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг