11:00 / 18.01.2024
471

Ҳиндлар қайси футболчиларимиздан чўчияпти?

Ҳиндлар қайси футболчиларимиздан чўчияпти?

Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи туридан ўрин олган Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўйини ҳар икки терма жамоа учун муҳим аҳамият касб этади. Бу ўйидаги ғалаба ғолиб жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Ҳиндистоннинг  theweek.in сайти эксперти Картик Равиндранат учрашув олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларини таҳлил қилиб берди.

Sports.uz портали ушбу материални ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборга ҳавола қилишни маъқул топди.

Гуруҳ баҳсларининг биринчи турида Австралиядан учралган мағлубиятдан кейин плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолиш учун ҳинд футболчилари ўзбеклар билан бўладиган баҳсда ҳеч бўлмаса дурангни қўлга киритиши керак. Бунга амалда эришишдан гапириш анча осон. Марказий Осиё жамоаси қитъада тобора ўсиб бормоқда ва ФИФАнинг сўнгги рейтингида Ҳиндистондан 34 поғона юқоридан жой олди.

2023 йил давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 15 та учрашув ўтказиб, улардан тўққизтасида ғалаба қоўонди, тўрт марта дуранг ўйнади ва атиги икки бор мағлуб бўлди. Рақибларга 27 та гол уриб, ўз дарвозасидан 14 та тўп олиб чиқди. Ўзбекистонликлар ФИФА рейтингида ўзидан юқорида турган Венесуэла (1:1), Мексика (3:3) ва Эрон (2:2) каби кучли терма жамоалар билан дуранг ўйнади.

Таққослаш учун – Ҳиндистон йил давомида 17 та ўйин ўтказиб, саккизта ғалаба, бешта дуранг ва тўртта мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати 21:14.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси учун катта йўқотиш ҳисобланади. 28 ёшли ҳужумчи кўп қиррали, бақувват, юқоридаги тўплар учун яхши курашади, тезлиги катта ва дриблингга уста.  Европа футболидан баҳра олган ана шундай кучли ўйинчининг ўз терма жамоасига ёрдам бера олмаслиги ҳиндистонликларга қўшимча стимул бўлиб хизмат қилиши керак.

Бироқ Шомуродовнинг йўқлиги таркибдаги ёш футболчиларга ўзларини кўрсатиш учун ажойиб имконият ҳисобланади. Ўзбекларда Аббосбек Файзуллаев тимсолида зўр ёш ҳужумчи бор. 20 ёшли бу йигит ҳужумчида ҳам, ярим ҳимоячи ўрнида ҳам бирдек самарали ўйнай олади.

Аббосбек 2023 йилда мамлакатнинг энг зўр футболчиси сифатида эътироф этилди. Европага йўл олиб, ЦСКАдан қўним топди.

22-рақам эгаси Осиё кубогини захира ўриндиғидан бошлади. Сурия билан бўлган ўйинда жамоасига ғалаба тақдим эта олмаган бўлса-да, ўйинни сезиларли даражада кучайтира олди. Файзуллаев Ҳиндистонга қарши учрашувда нималарга қодирлигини исботлашга уриниб кўриши ҳозирдан маълум.

Осиё кубогининг яна бир ёрқин ёш ўйинчиси Абдуқодир Ҳусановдир. Уни Япония, Жанубий Корея, Эрон каби қудратли терма жамоалар футболчилари билан бир сафда эътироф этишмоқда. 19 ёшли марказий ҳимоячи Франция юқори дивизионида “Ланс” шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу мавсум жами саккизта учрашув ўтказди ва шулардан иккитаси Европа Чемпионлар лигасида “Арсенал” ҳамда “Севилья” билан бўлган беллашувлардир.

25-рақамда тўп тепаётган Ҳусанов Сурияга қарши баҳсда тўлиқ ҳаракат қилди. Ёш бўлишига қарамай, жуда тартибли ўйнади ва ўзига бўлган ишончи юқори эканини намойиш қилди. Абдуқодир ўзи билан ёнма ён ўйнаётган тажрибали жамоадошлари билан Ҳиндистон футболчиларининг ҳар қандай ҳужумини бартараф этишга тайёр, - деб ёзди Ҳиндистоннинг  theweek.in сайти эксперти Картик Равиндранат.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув бугун - 18 январь куни Тошкент вақти билан 19:30 да бошланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳиндлар қайси футболчиларимиздан чўчияпти?