12:55 / 23.01.2024
476

Ўзбекистон футболчилари бугун бир шов-шув кўтариш учун ўйнайди

Ўзбекистон футболчилари бугун бир шов-шув кўтариш учун ўйнайди

Қатардаги Осиё кубоги доирасидаги энг қизиқарли учрашувлардан бири Австралия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасида бўлиши кутилмоқда.

Австралияликлар Осиё футбол конфедерациясига 2006 йили қўшилганидан буён қитъа чемпионатларида олтинчи маротаба иштирок этмоқда. Шу пайтга қадар улар 2011 йили Қатардаги Осиё кубогида кумуш, 2015 йили ўз юртидаги турнирда олтин медални қўлга киритган.

Австралия терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичларида ўзларига ёқмаётган бир анъанага чек қўймоқчи. Бу мамлакат футболчилари шу пайтга қадар бирор маротаба мусобақанинг гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлай олмаган.

Рақиб жамоа футболчиларида Ўзбекистонга қарши бўладиган учрашувда ана шу ҳолатга чек қўйиш ва тарихни янгилаш режаси бор.

Қолаверса, Австралия терма жамоаси ҳужумчиси Жексон Ирвин кетма-кет иккита учрашувда гол урди. Бунгача унинг голсиз серияси бешта ўйинни ташкил қилган эди. Ирвин Осиё кубогида қаторасига учта баҳсда тўп киритган биринчи австралиялик футболчига айланмоқчи. Бунинг учун у Ўткир Юсупов дарвозасига йўл топиши талаб этилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам гуруҳ босқичини сенсацион натижа билан якунлаши учун имконият етарли. Футболчиларимиз ҳали ҳеч қачон Австралия терма жамоаси устидан ғалаба қозона олмаган. Шу пайтга қадар бу жамоалар расмий тўртта учрашув ўтказган. Дастлабки учтасида рақиб қўли баланд келган ва сўнгги баҳсда ҳисоб очилмаган. Демак, Ўзбекистон бўлажак тўқнашувда ғалаба қозонса, буни шов-шувли натижа сифатида қабул қилиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, футболчиларимиз тўртта учрашувда бирор маротаба австралиялик дарвозасини ишғол қила олмаган. Бу гал ана шу нохуш анъанага ҳам барҳам берилишига умид қиламиз.

Sports.uz портали мухлислар эътиборига Австралия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўйинига оид қизиқарли маълумотлар ва фактларни ҳавола этади.

  • Қатардаги бу галги Осиё кубогида Австралия ва Ўзбекистон дастлабки икки учрашувда учтадан гол уриб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
  • Австралия терма жамоаси охирги олтита учрашувни ғалаба билан якунлади.
  • Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубиятсиз серияси саккизта учрашувни ташкил этмоқда. Улардан бештасида ғалаба қайд этилган.
  • Австралия тўртта ўйинда Ўзбекистон дарвозасига 9 та тўп киритган. Ўзбеклар ҳали жавоб қайтаргани йўқ.
  • Австралия олтита учрашувдан бери гол ўтказмаяпти.
  • Ўзбекистоннинг “қуруқ серияси” учта ўйинга етди.
  • Австралия терма жамоаси сафида Африка, Европа ва Жанубий Америкада туғилган футболчилар ўйнайди.
  • Австралия терма жамоаси аъзолари тўққизта мамлакат лигаларидан жамланган.
  • Австралия ва Ўзбекистон баҳсида ҳар икки терма жамоанинг етакчи ҳужумчилари – Митч Дьюк ва Элдор Шомуродов жароҳат туфайли қатнашмайди.

“В” гуруҳининг учинчи туридан ўрин олган Австралия – Ўзбекистон ва Сурия – Ҳиндистон учрашувлари 23 январь куни бир хил пайтда –  Тошкент вақти билан соат 16:30 да бошланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон футболчилари бугун бир шов-шув кўтариш учун ўйнайди