Футбол бўйича Осиё Кубоги 1/8 финалининг дастлабки жуфтликлари номи маълум бўлди.

C гуруҳини 100 фоизлик натижа билан якунлаган Эрон терма жамоаси нимчорак финалда B гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Сурия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув 31 январь кунига белгиланган.

Турнирда дебютант бўлган Тожикистон терма жамоаси плей-оффда C гуруҳида 2-ўринни эгаллаган БАА терма жамоаси билан баҳс олиб борадиган бўлди. Улар ўртасидаги ўйин 28 январь куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси F гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоага қарши баҳс олиб боради. Гуруҳдан Саудия Арабистони, Таиланд, Уммон ва Қирғизистон терма жамоалари ўрин олган. F гуруҳида 3-тур баҳслари 25 январь куни бўлиб ўтади.