22:00 / 19.04.2024
208

«Кўз ўнгимиздаги ҳақиқат». Алонсо қайси жамоани танлаган?

«Кўз ўнгимиздаги ҳақиқат». Алонсо қайси жамоани танлаган?
Фото: Gettyimages.ru/Lars Baron
Тайинланганда (2022 йил, куз) Бундеслигада 8 турдан кейин бирорта ҳам ғалаба қозона олмай 17-ўринда бўлган «Байер»ни қабул қилиб олгач, трансферларга сезиларли пул сарфламай (4 футболчи келди, 4 футболчи кетди, салбий фарқ атиги 20 миллион евро) бир ярим йил ичида мамлакат чемпионига айлантирди, мавсумнинг мағлубиятсиз серияси бўйича Германия рекордини ўрнатди, Европа Лигаси чоракфиналида «Вест Ҳэм» билан сафарда дуранг ўйнаб (1:1), кейинги босқичга чиққач, барча мусобақаларда ютқазмаслик бўйича ҳам рекорд янгиланди. Бу перформансга бирор мураббий ушбу мавсумда яқинлашиши имконсиз.

Энг аҳамиятлиси, Ҳаби Алонсонинг ўзи ҳам келаси мавсумда ушбу даражани такрорлаши ўта қийин ва айнан мана шу нуқтайи назардан қарасак, Ҳаби Алонсо яна бир йил «Байер»да қолишга қарор қилиши бироз тушунарсиз туюлади.

Келинг, вазиятда Алонсо томонидан туриб қараб кўрамиз. «Байер»га ҳурмат сақлаган ҳолда тан олиш керакки, клуб том маънода тушуниладиган топ-клуб эмас. Ушбу мавсумдаги муваффақиятлар барибир Чемпионлар Лигасида ёки трансферлар бозорида жамоани фаворитга айлантириб қўймайди, топ-клублар қаторига қўшмайди. Агар Алонсо учун кейинги қадам ҳақиқатан ҳам катта жамоа мураббийига айланиш бўлса, бу қадам учун энг оптимал палла айнан ҳозир эмасмиди?

Биринчидан. Айни пайтда бир қатор топ-клублар мураббийсиз қолмоқда ва агар Алонсо «Байер»дан кетишини эълон қилганида, уларнинг ҳар бири испаниялик мутахассис учун навбатда туришга тайёр бўларди. «Бавария», «Барселона» ва «Ливерпул» мураббийлари ёзда клубни тарк этишини расман эълон қилган. Бу рўйхатга «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» ҳам қўшилиши мумкин.

«МЮ» ва «Барселона»ни Алонсонинг футболчилик фаолиятидан келиб чиқиб, қўшмасак ҳам, руйхатда мураббийга яқин бўлган камида икки клуб бор. «Ливерпул» ва «Бавария» Алонсони янги мураббий сифатида кўриб чиқди, ҳатто маълум даражада музокараларга киришди ҳам. Фақат унинг нияти маълум бўлгач, бошқа номзодларга юзланишди. Қисқа қилиб айтганда, келишув учун Ҳабининг розилиги етарли эди.

Табиийки, тилга олинган клубларда ёзда ўзгаришлар бўлади ва янги мураббийлар тайинланади. Демак, келаси шу пайтда ҳар бир топ-клубга Алонсо керак бўлишини тахмин қилиш қийин. Ҳар ҳолда ҳозиргидек даражада бўлмайди. Ҳабининг танлов доираси торайишини тахмин қилиш мумкин.

Иккинчидан. Юқорида айтилганидек, агар натижага қаралса, Ҳаби Алонсо мураббийлик фаолиятидаги чўққида турибди. Албатта, ҳаммаси олдинда, аммо савол туғилади, «Байер»даги яна бир мавсумда кўрсатилаётган даражани такрорлаш мумкинми?

Кўриб чиқамиз. «Байер» Бундеслигада чемпион, катта эҳтимол Германия кубогини (финал қуйи лига вакили «Кайзерлаутерн» билан) қўлга киритади. «Ливерпул» чиқиб кетганидан сўнг Европа Лигасида ҳам «Байер» яққол фаворит бўлиб қолди. Демак, леверкузенликларда ўзига хос требл қилиш имконияти бор. Бир йилда учта соврин. Қизиғи, «Байер» аввалги 120 йиллик тарихида жами учта соврин ютган, холос.

Бу даражани яхшилаш, сақлаб қолиш учун «Байер» келаси мавсумда ҳам Германия чемпионати ва кубогини ютиши, Чемпионлар Лигасида айтайлик ярим финалгача бориши керак, тўғрими? Бу қанчалик имконли?

«Байер»нинг бундеслигадаги чемпионлиги муддатидан олдин содир бўлди, устунлик яққол кўринса-да, вазиятга бироз чуқурроқ қараганимизда, бироз бошқача картинани кўришимиз мумкин.

Мавсум охирини эмас, айнан ҳозирги палласини олиш мантиқлироқ, чунки, расман чемпионлик маълум бўлгач, «Байер» ҳам, «Бавария» ҳам бошқача ўйнай бошлаши табиий.

Юқоридаги жадвалдан албатта, «Байер»нинг чемпионликка мос эмаслиги ҳақида хулоса чиқариш хато, аммо шу билан бирга орадаги фарқ 16 очко экани вазиятни етарли акс эттирмаганини ҳам кўриш мумкин. Мавсум давомида «Бавария» ва «Байер» деярли тенг даражада ўйин кўрсатишган, шунчаки, «Байер»га бироз омад кулиб боққани, аксинча «Бавария»да вазиятлардан фойдаланишда муаммолар бўлгани туфайли, Бундеслиганинг бугунги турнир жадвалига эга бўлиб турибмиз. Табиийки, келаси мавсумда «Бавария» кучлироқ ўйин кўрсатишини тахмин қилиш мумкин. Агар ҳар икки жамоа айнан ушбу мавсумдагидек ўйнашда давом этган тақдирда ҳам фарқ бу йилгидек бўлмайди, ҳатто «Бавария» чемпион бўлиши мумкин.

Германия кубоги ва Чемпионлар Лигасини таҳлил қилиш қийин, исталган босқичда кучли рақиб дуч келиши ва бир ўйиндаги муваффақиятсизлик ҳаммасига нуқта қўйиши мумкин. Германия кубогида «Байер» «Штутгарт» дарвозасига қўшимча дақиқаларда гол уриб кейинги босқичга чиқди. Европа Лигасида «Қорабоғ» билан ўйинда фақат 90+3 ва 90+8 дақиқалардаги голлар якунда немисларнинг устунлигини таъминлади. Чемпионлар Лигасида рақиблар кучлироқ бўлади, бу бир, иккинчидан, ушбу турнирдаги ўйинлар жиддийроқ бўлишини инобатга олсак, асосий таркибда босим ҳам, юклама ҳам каттароқ бўлади – жароҳатлар ва спорт формасидаги муаммолар бу йилгидан кўпайиши табиий. Агар ушбу мавсумда ўз тажрибаси билан ёрдам берган Чака, Ҳоффман каби футболчилар бир ёшга улғайиши, Фримпонг, Тапсоба, Бонифасе, Грималдо кабиларга эса ёзда бошқа клублардан таклифлар бўлишини ҳам инобатга олиш керак. Ҳамма ҳам Алонсо эмас, футболчилар яна бир йил «Байер»да қолишдан кўра, топ-клубларга яхшироқ шартлар учун ўтишга рози бўлишлари мумкин.

Хуллас, агар бу омилларни жамласак, «Байер»нинг кейинги мавсуми бу йилгиси даражасида бўлиши ўта қийин эканини кўрамиз. Ҳам топ-клубларнинг бош мураббий ўрни бўш бўлиши нуқтайи назаридан, ҳам Ҳаби Алонсонинг айнан мураббийлик салоҳиятига бериладиган баҳо нисбатидан олганда ҳам, бугунги палла жамоа алмаштириш учун энг яхши вақт эканини айтиш мумкин.

Алонсонинг ҳам ушбу қарорга келишига ундаган бир қатор омиллар бўлиши табиий.

Масалан, кейинги қадамни қўйишга ўзини тайёр эмас, деб ҳисоблаши. «Байер» – мураббий Алонсо учун илк клуб. У барча совринларни ютиб, Леверкузенда унга ҳайкал қўйишаётган пайтда, ўзи ташкил қилган клуб билан юқорироқ даражада, каттароқ турнирда ўзини синаб кўриш бонусига эга. Ҳамма ҳам Зидан ёки Гвардиола бўла олмайди, шу ўринда, Нагелсманн ҳам бутун Европани ўзига қаратган, аммо «Бавария»га ўтиш якунда нотўғри қарор бўлиб чиққанини эслаш мумкин.

Ёки «Ливерпул» варианти барча учун идеал қарордек кўринган бўлса-да, аслида бир қатор услубий муаммолар борлигини кўрамиз. Алонсо бошқарувидаги «Байер» биринчи ўринга тўпни ва майдондаги барча ҳолатларни ўз назоратида ушлаб туришни қўяди. Клопп бошқарувидаги «Ливерпул» бироз бошқача – у ерда имкон қадар кураш кўп бўлиши, вертикал футбол, тўп у жамоадан бунисига ўтаётган паллалар муҳим. Айнан шу нуқталарда кўпроқ югуриш, устунроқ ҳаракатланиш эвазига «Ливерпул» рақибни енгади, хавфли вазиятлар яратади. Клопп тўплаган таркиб катта эҳтимол билан Алонсонинг футболига мос келмасди.

Бундан ташқари, Салоҳ келаси мавсум 32 ёшга киради, энг муҳим позицияга олиб келинган Эндо ҳам шу ёшда ва унинг трансфери қисқа муддат учун амалга ошгани маълум эди. Яъни Клопп бу йил «Ливерпул» билан деярли чемпионлик графигида кетаётган бўлса-да, тайёр чемпион жамоа мерос қолдирмаяпти. Кўп натижалар айнан Клопп омили билан боғлиқ ва янги мураббий етарлича янгиликларни олиб киришга мажбур. Энг муҳими, Ливерпулда Клоппнинг ўрнини босиш энг қийин вазифа, жамоадаги муҳит ва натижалар асосан мураббий ва футболчилар ўртасидаги коммуникация оқибатида келганини ҳам эътиборга олсак, балки имконсиз ҳам. Бундан келиб чиқсак, Алонсонинг Ливерпулга боришида ҳам маълум рисклар борлигини инкор эта олмаймиз.

Аммо биласизми, бу тахминларда камчиликлар бордек туюлмоқда. Биз Алонсонинг характерини яхши биламиз, нега энди иккиламчи қийинчиликлардан қочаётгани ҳақида ўйлаяпмиз? Ахир ким бўлишингдан қатъи назар, ҳар қандай мураббий қаршисида бундай тўсиқлар бўлиши ва оқибатда айнан мана шундай қийинчиликларни енгиш бу касбни баҳолаш учун асосий мезон бўлиб хизмат қилмайдими? Нега айнан ҳозир, бир қатор топ-клублар мураббийга эҳтиёж сезиб, Алонсони ўз сафида кўришни хоҳлаб турганида у бу имкониятдан воз кечиш керак? Ахир бошқа ҳеч қачон ҳозирги даражадаги танлов имконияти бўлмаслиги мумкин.

Келаси мавсумда агар «Ливерпул» ва «Бавария» ўзи учун тўғри мураббийни тайинлашса, Алонсога эҳтиёж сезишмайди, агар ҳаммаси нотўғри танланса, у ердаги аҳвол ҳозиргидан ҳам ёмонроқ бўлиб қолади. Хўш, агар у «Байер»да яна бир йил қолса, келаси мавсумда ҳам ўзгармайдиган энг барқарор структура ва юлдузли ёш таркиб яна қаерда бор?

Менимча, сиз ҳам мен борган хулосага етиб келдингиз – «Реал» Мадрид. Ҳаби Алонсо ўз вақтида тўп сурган ва мураббий сифатида ишлаши мумкин бўлган учинчи жамоа ҳам эсимизда – «Реал». Ёши катта мураббийи кетишига тайёрланаётган «Реал» нега Ҳаби Алонсо кейинги фаолияти учун фаворит жамоаларни айтганида, ливерпуллик ёки мюнхенлик рақобатчилари каби ғимирлаб қолмаганини ҳам тушуниш қийин эмасми?

Келаси мавсумда Карло Анчелотти клубни тарк этади. Перес эса, аллақачон, Ҳаби Алонсо билан келишиб, ҳар қандай ҳолатда 2025 йилнинг ёзида уни Мадридга таклиф қилишини кафолатлаб берган. Мен билган Алонсони яна бир йил «Байер»да олиб қолиши мумкин бўлган бошқа кучлироқ эҳтимол кўрмаяпман ва бу ҳақиқатга энг яқини. Бу фокусни биз аввал ҳам кўрганмиз.

Қаҳрамон Асланов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Кўз ўнгимиздаги ҳақиқат». Алонсо қайси жамоани танлаган?