23:48 / 22.05.2024
1 152

Шомуродовдан воз кечишди!

Шомуродовдан воз кечишди!
“Рома” раҳбарияти клубга янги спорт директори тайинлади. Бу лавозимни Флоран Гисольфи эгаллади. Франциялик мутахассис бош мураббий Даниеле Де Росси билан ўзаро ҳамкорликда келаси мавсум учун жанговар таркибни шакллантириши талаб этилади.

Италиянинг нуфузли нашри La Gazzetta dello Sport янги спорт директори амалга ошириши лозим бўлган ишларга эътибор қаратди.

Манбада келтирилишича, Гисольфи мураббийлар штабига керак бўлмай қолган умумий ҳисобда 15 нафар ўйинчини бошқа клубларга ўтказиш, уларнинг ўрнини тўлдириш ва умумий маошлар фондини 15 фоизгача қисқартириш бўйича иш олиб бориши топшириқ сифатида белгиланди.

“Рома”га ҳозирги таркибдан легионерлар – Рик Карсдорп, Зеки Челик, Уссем Ауар, Никола Залевски, Тэмми Абрахам хизматига эҳтиёж йўқлиги билдирилди. Янги спорт директори уларни бошқа жамоаларга ўтказиши керак.

Якунланаётган мавсумни ижарада ўтказаётган Андреа Белотти, Ола Солбаккен, Мараш Кумбула, Элдор Шомуродов ва Эбрима Дарбо ҳам ёзда Римга қайтиши кутилмоқда. Бу футболчиларни ижарага олган клубларнинг бирортаси уларни тўлиқ трансфер қилиш бўйича таклиф билдиргани йўқ.

Флоран Гисольфи бу ўйинчилар, хусусан, Элдор Шомуродовга ҳам янги жамоа топиши керак.

Яна бир манба – tuttocagliari.net сайтининг ёзишича, римликлар “Кальяри” билан Шомуродовни Сардинияда қолдириш бўйича музокара ўтказиши мумкин.

Янги спорт директори ёзда жамоага таклиф этиладиган бир неча номзодларни топиб қўйди. Хусусан, франциялик мутахассис “Кальяри”да Элдор Шомуродов билан бирга ўйнаётган уругвайлик легионер Наитан Нандезни олиб келишни кўзламоқда. Тажрибали футболчи 30 июнь куни эркин агентга айланади.

Бундан ташқари, “Рома” келаси мавсум олдидан ўз таркибига “Лилль”нинг уч вакили – ҳимоячи Диаките, марказий ҳужумчи Банса ва ҳужумкор футболчи Эдон Жагровани қўшиб олмоқчи.

Шунингдек, рўйхатда Мадриднинг “Атлетико” жамоасига тегишли бўлган ва ижара асосида “Алавес”да ўйнаб, саккизта гол билан жамоа тўпурарига айланган Самуэль Омародион номи қайд этилди.

Маълумотларга қараганда, “Рома” жорий мавсумда футболчиларга 104,7 миллион еврони маош сифатида тўлади. Бу кўрсаткич бўйича римликлар А Серияда “Ювентус” ва “Интер”дан кейин учинчи ўринда бормоқда. Клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласини маош миқдори қониқтирмаяпти. Жамоа кўзланган натижаларга эриша олмаётгани учун улар янги спорт директоридан умумий маошлар миқдорини 15 фоизгача қисқартиришни талаб қиляпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовдан воз кечишди!