15:29 / 12.06.2024
677

“Рома” клубида Шомуродов бўйича янги вариант пайдо бўлди!

“Рома” клубида Шомуродов бўйича янги вариант пайдо бўлди!
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг зўр тўпурари ва сардори Элдор Шомуродов олдида келаси мавсум учун жамоа топиш вазифаси кўндаланг бўлиб турибди.

Ўзбек футболчисини бир мавсум ижарада ўйнатган “Кальяри” раҳбарияти легионеримизни тўлиқ трансфер қилиш учун “Рома”ни 9 миллион евролик бадал пулидан чегирма қилишга кўндира олмади.

Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам шартномаси бўйича Рим клубига қайтишини айтди. Бироқ А Серияни кузатиб бораётган ва таҳлил қилаётган экспертлар ўзбек форварди олдида янги вариантлар пайдо бўлишини таъкидламоқда.

Шомуродовнинг “Кальяри” билан ижара шартномаси расман 30 июнь куни якунланади.

Манбалардан бири – tuttomercatoweb.com сайтининг ёзишича, 28 ёшли ҳужумчи июль ойида “Рома”га қайтиб боради. Римликлар бош мураббийи Даниэле де Росси ҳали Шомуродовни шахсан кўрикдан ўтказмаган.

Нуфузли нашр – Corriere dello Sport газетаси эксперти Лука ди Леонардо “Рома”да Элдор Шомуродов масаласида янги вариант чиққанини ёзмоқда.

Рим клуби бош мураббийи Даниэле де Росси “Кальяри”да дебют мавсумини ўтказган эски шогирди – Маттео Пратини “Рома”га олиб келмоқчи. Якунланган мавсумда сардинияликлар таркибида 26 та учрашувда биттадан гол ва ассист қайд этган марказий ярим ҳимоячи ҳам ўзи яхши билган устози жамоасига ўтиш истагини билдирди.

Маттео Пратти қуйи лигада СПАЛ жамоаси сафида айнан Даниэеле де Росси қўл остида тўп тепган эди.

Прати “Кальяри”га келган пайтда унинг трансфер суммаси бир миллион еврони ташкил қиларди. Transfermarkt порталининг июнь ойи учун янгилаган сўнгги рейтингида унинг нархи ўн баравар ошиб, 10 миллион еврога чиқди.

“Кальяри” 5 миллион еврога трансфер қилинган футболчини қўйиб юборишга қарши эмас. Фақат сардинияликлар пойтахтликлардан шу сумманинг уч бараварини талаб қиляпти.

“Рома” раҳбарияти Жозе Моуриньодан кейин жамоа ўйинида ижобий ўзгариш қила олган Даниэле де Россини қўллаб-қувватлаш мақсадида у истаган ўйинчиларни олиб бермоқчи. Corriere dello Sport газетаси эксперти Лука ди Леонардонинг таъкидлашича, Маттео Прати учун сўралаётган суммани пасайтириш мақсадида римликлар “Кальяри” раҳбариятига Элдор Шомуродовни трансферга қўшишни таклиф қилиши кутиляпти.

Италия ва Европанинг бир неча нашрлари – Corriere di Roma, Corriere della Sera, Sky Sports каби манбалар ҳам бу маълумотларни тасдиқлади.

Манбаларда келтирилишича, “Кальяри” ва “Рома” трансферлар масаласида дўстона алоқаларга эга. Экспертлар томонлар ўзаро тил топиши қийин кечмаслигига ишонч билдирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома” клубида Шомуродов бўйича янги вариант пайдо бўлди!