11:00 / 22.06.2024
870

Шомуродов трансферида “айёрлик” қилингани маълум бўлди

Шомуродов трансферида “айёрлик” қилингани маълум бўлди
Италия матбуотида Элдор Шомуродов масаласи яна кўтарила бошлади. “Рома” ўзбек футболчини бошқа клубга ўтказиш пайида, “Кальяри” мутасаддилари эса, мавсум охиридаги ажойиб ўйинлари билан жамоанинг А Серияда қолишига ҳисса қўшган легионерни қайтадан таркибга қўшмоқчи.

Ушбу мамлакат футболини ёритаётган бир неча манбалар, хусусан, lanotiziasportiva.com сайти Шомуродов атрофидаги вазиятни қуйдаги таҳлил қилиб берди.

Кутилмаган имконият

Якунланган мавсум Элдор Шомуродов учун кутилган даражада ўтмади. Кутилмаганда, ўзбек ҳужумчисида Сардинияга қайтиш имкони пайдо бўлди. “Рома” музокараларга тайёр, “Кальяри” тажрибали форвардга янги имконият бериш орқали ҳужумдаги муаммоларини ҳал қилмоқчи.

Сардиния клуби “айёрлик” қилди...

“Кальяри” мавсум якунланиши билан Элдор Шомуродовни бир йил аввалги келишувда белгиланган 9 миллион еврога тўлиқ трансфер қила олмаслигини билдирди. Элдорнинг ўзи ҳам шартнома бўйича “Рома”га қайтишини айтди.

Бироқ бу “Кальяри”нинг трансфер бозоридаги “айёрона” сиёсати бўлиб чиқди. Клуб спорт директори Нерео Бонато Элдор Шомуродовни “Рома”га қайтариш орқали бир йил олдинги келишувни бекор қилишга эришди. У янги музокара бошлаш учунгина ўзбек ҳужумчисидан вақтинчалик воз кечган бўлиб чиқди.

Юриш навбати “Рома”да

Энди буёғи кўп жиҳатдан “Рома” мутасаддиларига боғлиқ. Улар Шомуродов масаласида тезроқ бир қарорга келиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирча А Серияда Шомуродовни сўраётган бошқа клуб йўқ. Аниқ клиент фақат “Кальяри”. Хориждан таклиф бўлаётгани айтилмоқда. Лекин Элдорни хорижга ўтказиш анчагина вақт ва асаб талаб этади.

Энг муҳим масала

“Рома” катта эҳтимол билан келаси мавсум Элдор Шомуродовга таркибдан жой бермайди, шу боис, клуб мутасаддилари харидорлар билан мулоқотга киришишга мажбур. Шомуродов трансферида энг муҳими молиявий омиллар бўлиб қолмоқда.

Экспертлар фикрича, “Кальяри” ҳужумчини яна тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан келаси мавсумга ижарага олмоқчи. Фақат бу гал трансфер ҳуқуқи 9 миллион евродан анча паст бўлиши кўзланган. “Рома” эса, масалани келаси ёзга қолдирмасдан ҳужумчини тўлиқ трансфер қилиш пайида бўлади.

Мухлислар фикри бўлинди

“Кальяри” мухлислари Элдор Шомуродов масаласида иккига бўлинди. Улардан бир гуруҳи ўзбек ҳужумчиси ўтган мавсум спорт формаси ва жароҳат туфайли ўзини кўрсата олмагани ва унга чемпионатда яна имконият бериш кераклигини таъкидламоқда.

Сардиния клубининг айрим ишқибозлари эса, жамоага янги номлар керак эканлиги ва ҳужум чизиғига ҳам бошқа ўйинчи керак, деган фикрда.

Энди нима бўлади?

Олдиндаги бир неча ҳафта Элдор Шомуродов келажагига ойдинлик киритиши кутилмоқда. “Кальяри” ўзбек футболчисини Сардинияга қайтариш учун бор имкониятини ишга солади. Хўш, улар римликларни осиёлик легионерни қўйиб юборишга кўндира оладими?

Бу саволга жавоб топиш учун тобора қизғин паллага кириши кутилаётган трансфер бозорини кузатиб борамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов трансферида “айёрлик” қилингани маълум бўлди