Ўзбекистон терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг клублар миқёсидаги келажаги ҳали ҳамон мавҳум бўлиб турибди.
Ўтган мавсумни “Кальяри”да ўтказган форвард ўзига янги жамоа топиши кераклиги айтилган эди. Элдорни ўз таркибида кўрмоқчи бўлган жамоалар йўқ эмас. Энг аввало, “Кальяри” 29 ёшли ҳужумчини олиб қолишга ҳаракат қилди. Бироқ римликлар бадал пули суммасини пасайтирмагани трансферни барбод қолди.
Ёзги трансферлар давомида А Серия вакилларидан “Верона” ва лига дебютанти “Парма” ҳам ўзбек ҳужумчиси трансферини ўрганиб чиқиш мақсадида, “Рома”дан трансфер маълумотларини сўради. В Сериядан юқори дивизионга кўтарилиш учун курашишни мақсад қилган “Сампдория” бош мураббийи Андре Пирлони ҳам Элдор Шомуродов номзоди қизиқтириб қўйди.
Охирги паллада АҚШнинг “Атланта Юнайтед” жамоаси ҳужумчимиз трансферини амалга оширишга жиддий киришди. Бироқ “Рома” мутасаддилари америкаликларнинг дастлабки таклифини қабул қилмади. Иккинчи уринишни амалга ошириш учун “Атланта Юнайтед” вакилларига вақт етишмади – АҚШ трансфер бозори ёпилиб қолди.
А Серия бошланишидан олдин “Рома” бош мураббийи Даниэле Де Россининг қарори тажрибали легионеримизнинг пойтахт клубида қолишига умид уйғотди.
Кўплаб экспертлар Элдор Шомуродов “Рома” мураббийлар штаби режасига кирмайди, деб бонг ураётган паллада Даниэле Де Росси ҳамюртимизни “Кальяри” билан сафарда бўладиган биринчи тур учрашувига жалб қилди.
Бош мураббий футболчимизни Сардинияга борадиган 25 нафар футболчи қаторига киритди.
Бу бежиз эмас, албатта. Жаҳоннинг аксарият лигаларида ҳали трансфер бозори давом этмоқда. “Рома” ҳужум чизиғида ҳам чиқиш трансферлари пишяпти. Хусусан, юлдуз даражасидаги ҳужумчилардан Пауло Дибала ва Тэмми Абрахамга Саудия Арабистони ва Қатар лигаларидаги бадавлат клублардан мўмай даромадли таклифлар келди.
Трансфер мутахассислар англиялик ва аргентиналик футболчилар бу чорловларга розилик беришга мойиллигини, “Рома” ўз мақсадларини амалга ошириш учун клуб ғазнасига катта миқдордаги маблағ киритишга тайёр эканини таъкидламоқда.
“Рома”дан ўтган мавсумда жамоа шарафини ҳимоя қилган ҳужумчилар Ромелу Лукаку ҳамда Сардор Азмун кетди. Агар Дибала ва Абрахам ҳам клубни тарк этадиган бўлса, ҳужум чизиғи заҳира ўриндиғи сезиларли даражада тораяди.
Янги мавсумда Даниэле Де Росси асосий ҳужумчилар сифатида яқинда 30,5 ва 25,6 миллион еврога трансфер қилинган Артём Довбик ва Матиас Сулега ишонч билдириши аниқ. Пауло Дибала ва Тэмми Абрахам клубдан кетса, заҳира ўриндиғида ёши ўтиб қолаётган Стефан Эл-Шаарави ва Филиппо Алессио, Жоау Кошта каби 19-20 ёшли ҳали анча хом форвардлар қолади.
“Рома” янги мавсумда А Серия, Италия кубоги, Европа Лигасида иштирок этишини инобатга олсак, Элдор Шомуродов ҳам жамоага ортиқчалик қилмайди. Қолаверса, ўзбек ҳужумчиси ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга тушиб, ўйинни кучайтира олишини кўп бора намойиш қилган.
Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкин. Айни пайтда “Верона” ва “Сампдория” каби клублар Шомуродов атрофидаги вазиятни кузатмоқда ва ҳужумчини олиш фикридан воз кечгани йўқ. Қолаверса, Туркия Суперлигасидан “Трабзонспор” ҳам ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олишга тайёр.
Ёзги трансферлар ойнаси ёпилишига ҳали ўн кундан кўп вақт бор. Балки янги даъвогарлар чиқиб қолар. Сўнгги йиллардаги кузатувлар Элдор Шомуродовнинг янги жамоаси трансфер ойнаси ёпилиши арафасида ҳал бўлаётганини кўрсатмоқда.
Бу гал ҳам агар бирор клуб Шомуродов трансфери бўйича “Рома”га маъқул келадиган таклиф бера олмаса, пойтахтликлар легионеримизни жамоада олиб қолиш эҳтимоли катта. Бироқ Элдор Рим суперклубида кўпроқ заҳира ҳужумчиси вазифасини бажарса керак. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”