08:36 / 07.09.2024
135

Элдор Шомуродов “ДиСу”га қарши!

Элдор Шомуродов “ДиСу”га қарши!
“Рома” янги чемпионатни кутилган даражада бошлай олгани йўқ. Пойтахт клуби А Серияда ҳали ғалабалар ҳисобини очолмади. Даниэле Де Росси шогирдлари икки очко билан мусобақа жадвалининг 16-поғонасига тушиб қолган.

“Рома” мавсумда фақат биттагина гол урган А Сериянинг бешта жамоасидан бири ҳисобланади. Ана шу ягона гол Элдор Шомуродов ҳисобига ёзилган.

Айни пайтда “Рома”нинг аксарият ўйинчилари ўз мамлакатлари терма жамоаларига йўл олган. Навбатдаги тур олдидан мураббийлар штаби янги муаммога дуч келди. Асосий марказий ҳужумчи Артём Довбикда жароҳат аниқланган ва украиналик футболчи қачон сафга қайтиши мавҳум бўлиб турибди.

Италия матбуоти Даниэле Де Росси яқингача ўз режаларига киритмаган Элдор Шомуродовга суяниш вазиятдан чиқишнинг асосий ечими эканини ёзмоқда. Бундан ташқари, Элдор бошланғич таркибга кириши учун Аргентина терма жамоаси ҳужумчилари Пауло Дибала ва Матиас Суле билан ички рақобат олиб боришига тўғри келади.

ROMATODAY.IT:
Рим клуби хунук хабар олди. Даниэле Де Росси танлаган янги марказий ҳужумчи Артём Довбикни жароҳат туфайли йўқотди. Украиналик ўйинчи “Женоа”га қарши майдонга туша олмайди. “Рома”нинг ҳозирча ягона голи муаллифи бўлиб турган ўзбекистонлик марказий ҳужумчи Элдор Шомуродов “Марасси”да “Женоа” билан бўладиган баҳсда Артём Довбик ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

Довбик мавсум аввалида эсда қоларли натижа қайд этгани йўқ. Испания чемпионатининг энг зўр тўпурари Римда биринчи голини кутяпти. Довбик “Кальяри”, “Эмполи” ва “Ювентус”га қарши баҳсларни жуда бўш ўтказди.

Довбик мушакларини шикастлаб олгани аниқланган. Энди унга шикофорлар аниқ ташхис қўйиши ва даволаниш курсини ўташи керак.

Артём катта эҳтимол билан “Женоа”га қарши баҳсда қатнашмайди. Унинг ўрнини эгаллашга биринчи номзод Элдор Шомуродов. Кутилмаганда Тригорияда қолган, “бўрилар”нинг ягона голини урган ўзбек футболчиси яна ўзини кўрсатиши учун ажойиб имкониятга эга бўлмоқда. Элдор собиқ жамоаси “Женоа”га қарши баҳсда “Рома”га фойда келтиришга тайёр.

Даниэле Де Росси ихтиёрида яна бир вариант бор. Бу “ДиСу”, яъни Пауло Дибала ва Матиас Суле тандеми. Кўп нарса бу икки ўйинчи Аргентина терма жамоасидан қай ҳолатда қайтишига боғлиқ.

LAROMA24.IT:
“Рома” клуби тиббиёт ходимлари Артём Довбикни тезроқ сафга қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бош мураббий Даниэле Де Росси вазиятга ечим қидиряпти. Бу вазиятда “Эмполи”га гол урган Элдор Шомуродов асосий планга чиқади.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори Шимолий Кореяга қарши 87 дақиқа ўйнади.

Де Росси ҳужум марказида Пауло Дибаладан фойдаланиши ҳам мумкин. Бунда унга олдинги чизиқда Матиас Суле ва Лоренцо Пеллегрини ёрдам беради.

ILROMANISTA.EU:
“Рома” 15 сентябрь куни “Женоа” меҳмони бўлади. Украиналик ҳужумчи Артём Довбик Римга келиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Довбик бир неча кун ичида терапевтик муолажаларни олиши, индивидуал машғулотлар ўташи ва шундан сўнг, асосий гуруҳ билан шуғулланиши мумкин. Агар Артём “Женоа”га қарши учрашувгача сафга қайтмаса, уни “Рома” – “Удинезе” ўйинида кутамиз.

Даниэле Де Росси терма жамоадаги ўйинлар Довбикнинг ўйинини очилиб кетишига хизмат қилади, деб кутганди. Афсуски, у беллашувларни ўтказиб юборяпти.

Бўлажак баҳс олдидан мураббийлар штаби олдида иккита вариант бор. Биринчиси, Элдор Шомуродов. Кейингиси Пауло Дибала.

Даниэле Де Росси ўзбек ҳужумчиси ишончли ўйинлари билан “Рома”даги фаолиятини тиклаб олишини кутмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов 10 сентябрь куни сафарда Қирғизистон билан бўладиган расмий учрашувдан кейин Римга қайтади ва собиқ жамоаси – “Женоа” билан баҳсга тайёргарлик кўради.

А Сериянинг тўртинчи тур баҳсида қайси футболчилар бошланғич таркибда майдонга тушиши терма жамоалар ихтиёрига кетган Шомуродов, Дибала ва Суленинг узоқ сафар – бошқа қитъалардан қай ҳолатда қайтишига боғлиқ бўлади.

“Женоа” ва “Рома” ўртасидаги учрашув 15 сентябрь куни бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов “ДиСу”га қарши!