08:49 / 22.01.2025
646

Ҳусановнинг трансфер суммаси адолатли бўлганига қарамай, бизга алам қилганди...

Ҳусановнинг трансфер суммаси адолатли бўлганига қарамай, бизга алам қилганди...
Беларуслик футбол мутахассиси Владимир Белявский Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансферига муносабат билдирар экан, легионеримизнинг ушбу мамлакатдаги фаолиятига оид қизиқарли маълумотларни ҳам айтиб ўтди.

- “Энергетик-БГУ” ва “Ланс” ўртасида Абдуқодир Ҳусанов трансфери бўйича музокаралар бошланди. Охир-оқибат францияликлар ҳимоячини 100 минг еврога трансфер қиладиган бўлди.

Умуман олиб қараганда, бу арзимаган пул, чунки ҳеч кимга сир эмаски, Беларусь чемпионатини ҳеч ким топ-лигалар қаторига қўшмайди. Гарчи бу сумма ўша пайтда адолатли бўлганига қарамай, бизга алам қилганди.

Агар Владимир Пигулевский тирик бўлганида тадбиркор инсон сифатида бу шартномага қўшимча яна нималарнидир ундириши мумкин эди. Лекин унинг ўрнига келган одам умуман бошқа соҳа вакили эди ва “Ланс” берган сумма унга жуда катта кўринди. У тезда барча ҳужжатларга имзо чекди.

Абдуқодир Ҳусанов Францияда бор салоҳиятини намойиш қилганидан кейингина унга Европанинг топ-клублари қизиқа бошлади.

Одамлар кўр эмас, Абдуқодир Ҳусанов “Энергетик-БГУ”да ўйнай бошлаганида унга дарров эътибор қаратишди. Биринчилардан бўлиб, Георгий Кондратьев Абдуқодирни Беларусь миллий терма жамоасига жалб қилмоқчи бўлганди ва Ҳусановни Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан боғлиқлигини аниқлашга киришди.

Ўша пайтда россияликлар ҳам пайдо бўлди. Бироқ улар асосан кузатувчи ролини бажарди. Агар ўйинчи уларга ёқса, қандайдир шароитларни таклиф қилиш керак. Улар қўллайдиган “футболчини оламиз, агар ўйнаб кетса, кейин келишамиз”, деган усулларга ҳозир ҳеч ким учмайди. Чунки кейин уларнинг бирортасини топиб бўлмайди, - деди Владимир Белявский.

Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов футболнинг илк сир-асрорларини “Бунёдкор” академиясида ўрганган. Кейинчалик Беларусга кўчиб ўтиб, ёши профессионал шартнома тузишга етмагани боис, “Энергетик-БГУ” сафида шунчаки шуғулланиб юрди.

Кейин 2022-2023 йиллар давомида ушбу мамлакат олий лигасида ўйнаб, ўзини кўрсатди. Ҳамюртимиз “Энергетик-БГУ” сафида жами 37 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига тўрттадан гол ва ассист ҳам ёздириб қўйган.

Абдуқодир Ҳусанов хориж клублари эътиборига асосан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатларидаги иштироки орқали тушди. “Ланс” 2023 йилнинг ёзида ҳали ҳеч ким танимайдиган футболчимизни 100 минг евро эвазига трансфер қилди.

Бир ярим йилда бу трансфер ўзини мутлақ оқлади. “Манчестер Сити” ўндан зиёд даъвогарларни ортда қолдириш учун “Ланс” ҳимоячисини 50 миллион еврога трансфер қилишга қарор қилди.

Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар” билан 2029 йилнинг ёзигача давом этадиган шартнома имзолаган. Томонларда ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни яна бир йилга узайтириш имкони бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт