12:01 / 05.02.2025
790

“Манчестер Сити” таркиби қайта қурилади: Ҳусанов, Мармуш, Гонсалес, Рейс...

“Манчестер Сити” таркиби қайта қурилади: Ҳусанов, Мармуш, Гонсалес, Рейс...
Европада қишки трансферлар ойнаси ёпилди. Аксарият жамоалар ўзларига керакли ўйинчиларни ижарага олиш ёки тўлиқ трансфер қилиш ишларини амалга оширди. Аслида қишки трансферлар даврида катта ўзгаришлар кам бўлади.

Англия Премьер-лигасида иштирок этаётган йигирмата клубдан 18 таси трансфер бозорига кирди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият клублар ўз камчиликларини вақтинча ёпиш йўлини танлаб, асосан ўйинчи олишнинг ижара усулини қўллади.

Премьер-лига эксперти Алекс Кебле январь ойидаги трансферларни таҳлил қилиб чиқди ва ҳар бир клубнинг бу йўналишдаги ишларига баҳо берди.

Алекс Кебленинг “Манчестер Сити” амалга оширган трансферлари ҳақидаги мулоҳазаларини футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этамиз.

- “Манчестер Сити” қайта тикланишни бошлади. Хосеп Гвардиола унинг ёши ўтиб қолаётган таркибида жиддий ўзгаришлар қилиш даври келганини яхши англаб турибди. Жиддий янгиланишга киришилди.

“Шаҳарликлар” қишки трансферлар даврида умумий суммаси 170 миллион фунт стерлингни ташкил қилган тўртта жиддий трансферга қўл урди. Бу борада манчестерликлар Премьер-лиганинг барча клубларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан катта маблағ сарфлади.

“Порту”дан яқиндагина 50 миллион фунтга олинган Нико Гонсалес “Манчестер Сити” катта эҳтиёж сезаётган Родрининг ўрнини босади. Бу футболчи манчестерликларнинг кучли тўртликка киришида асосий фигуралардан бирига айланиши кутиляпти.

Ҳимоя марказини кучайтириш учун таклиф этилган Абдуқодир Ҳусанов янги жамоада дебютини нишонлаб бўлди. Лекин ўзбекистонлик легионер каби Нико Гонсалесга ҳам янги лигага мослашиши учун бироз вақт керак бўлиши табиий.

Янги келган ўйинчилардан Умар Мармушнинг вазияти яхшироқ эканини таъкидлаш лозим. Кўп ва тез югурадиган ҳужумчи Хосеп Гвардиола ўйин схемасига жуда мос тушди.

19 ёшли бразилиялик ҳимоячи Витор Рейс эса, келажак учун трансфер қилинган ўйинчи ҳисобланади ва у ҳали тажриба тўплаши мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, Манчестерга олиб келинган ўйинчиларнинг аксарияти янги авлод вакиллари ҳисобланади. Хосеп Гвардиола бу гал жаҳон юлдузи даражасидаги номдор футболчиларни эмас, балки истеъдодли ёшларга ишонч билдиргани испаниялик мутахассис совринлар учун курашни келаси мавсумдан бошлашидан далолат беради, - деб ёзди Алекс Кебле premierleague.com сайтида эълон қилган таҳлилида.

Таъкидлаш жоизки, бу тўртта йирик трансфер фонида “шаҳарликлар”нинг яна бир янги ўйинчиси сезилмай қолди. “Манчестер Сити” январь ойида “Нью-Йорк Сити”да тарбиялаган 18 ёшли чап қанот ҳимоячиси Кристиан Макфарлейнни эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олди. Бундан ташқари ўтган йилнинг бошида Аргентинанинг “Ривер Плейт” жамоасига ижарага жўнатилган 19 ёшли ҳужумкор футболчи Клаудио Эчеверри ҳам Манчестерга қайтди.

Ўз навбатида, “Манчестер Сити” ўз футболчиларидан Жош Уилсон-Эсбрандни “Сток Сити”га, Жейкоб Райтни “Норвич”га, тажрибали ҳимоячи Кайл Уокерни “Милан”га ижарага жўнатди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити” таркиби қайта қурилади: Ҳусанов, Мармуш, Гонсалес, Рейс...