Италия А Сериясининг 24-тур учрашувлари давом этмоқда. Элдор Шомуродов ўйнаётган “Рома” бу гал “Венеция” меҳмони бўлади, деб ёзади Sports.uz нашри.
Икки клуб қишки трансферлар ойнаси давомида ўзбек ҳужумчиси бўйича анча иш олиб борди. Венецияликлар 29 ёшли форвардга эга бўлиш учун пойтахт клуби мутасаддилари қўйган талабларнинг барчасини қабул қилишга розилик берганди.
Нуфузли манбалардан Corriere dello Sport нашри икки жамоанинг ўзаро тўқнаш келганини инобатга олиб, Элдор Шомуродовнинг амалга ошмаган трансферини қаламга олди.
- Шомуродов Венецияга келади, бироқ рақиб сифатида. Ўзбек футболчиси Лагунага кўчиб ўтишига бир қадам қолган эди.
“Кальяри”нинг собиқ футболчиси кутилмаганда “бўрилар” устози учун муҳим фигурага айланди. Мавсум бошидаги қийинчиликларга қарамай, Шомуродов “Венеция” билан бўладиган баҳсда кетма-кет учинчи бор бошланғич таркибда майдонга тушиш имкониятига эга. Бу кўпроқ Артём Довбик юқори спорт формасида эмаслиги билан боғлиқ.
Агар Элдор илк дақиқадан ўйнаса, бу унинг шахсий рекорди бўлади. Чунки у 2021 йили 19,5 миллион евро эвазига “Рома”га ўтганидан бери ҳали бирор маротаба қаторисига учта ўйинни асосий таркибда бошламаган, - деб ёзди Corriere dello Sport нашри.
Таъкидлаш жоизки, яқиндагина “Рома” ва “Венеция” легионеримизнинг трансфери бўйича якуний шартномани имзолаш арафасида турганди. Унга кўра, венецияликлар Шомуродовни мавсум охирида 3,5 миллион еврога трансфер қилиш шарти билан чемпионатнинг иккинчи қисмида ижарага олишга бел боғлаганди. “Венеция” бош мураббийи Эусебио Ди Франческо Элдор Шомуродов тимсолида жамоани А Серияда қолиш учун курашда қутқара оладиган идеал ҳужумчини топгандек бўлганди.
Лекин “Рома”нинг фақатгина битта учрашув учун Шомуродовни вақтинча ушлаб тургани вазиятни ўзгартириб юборди. УЕФА қоидасига кўра, Европа Лигасида иштирок этаётган римликлар бу мусобақанинг умумий босқичи тугамасидан янги ўйинчи қўша олмаслиги боис, Клаудио Раньери ўзбек шогирдини “Айнтрахт”га қарши учрашувга олиб қолди. Айнан ўша учрашувда ўз голи билан жамоасининг плей-оффга чиқишига катта ҳисса қўшган ҳамюртимиз келажагига таъсир қилди.
Бу баҳсдан кейин Клаудио Раньери Элдор Шомуродовнинг “Венеция”га трансферини блоклади.
- Роман Яремчук ва Элдор Шомуродов бизнинг нишонимиздаги ҳужумчилар эди ва биз улар ўйнаётган клублар билан трансферга келишиб бўлгандик. Яремчукнинг трансфери январь ойи бошидаёқ барбод бўлди. Шомуродов масаласи 20 январь атрофида якуний кўриниш олди.
Ҳар икки футболчи ўз жамоаларида муҳим голларни урди, қаҳрамонлик кўрсатди ва бу уларнинг трансфер тарихига таъсир қилди. Биз бу икки ҳужумчини жамоамиз бош мураббийи учун олиб келишга бор имкониятимизни сарфлаган эдик, - деди “Венеция” бош менежери ва спорт директори Филиппо Антонелли.
Айни пайтда Элдор Шомуродов фаолиятида ижобий ўзгариш давом этмоқда. Клаудио Раньери Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори икки кучли рақиб – “Наполи” ва “Милан”га қарши ўтказилган учрашувларда бошланғич таркибда асосий ҳужумчи сифатида майдонга туширди.
Энди аксарият мухлису мутахассислар ўзбек футболчиси “Венеция” билан бўладиган баҳсда ҳам асосий фигуралардан бирига айланишини кутмоқда.
Бу ўйин 9 февраль куни Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар