
Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” ва “Ньюкасл” ўртасидаги учрашувни тўлиқ ўтказди.
Қизиғи шундаки, “қарғалар” қишки трансферлар вақтида ўзбек футболчисини қўлга киритишга жуда яқин келганди. Ҳусановда кейинчалик “шаҳарликлар” варианти пайдо бўлди ва легионеримиз Манчестерни танлади.
Нуфузли манбалардан бири – givemesport.com журналисти Робин Мамфорд манчестерликларнинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувда Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатларига баҳо берди. Шунингдек, мақолада мухлисларнинг ўзбек футболчисига муносабатини ҳам келтириб ўтди.
- Нохуш дебют футболчи келажагини белгиламайди, балки бу ҳолатда қандай ҳаракат қилиш муҳим ҳисобланади. “Ньюкасл” билан ўйинда 4:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин Умар Мармуш хет-трик соҳиби сифатида матбуот саҳифаларидан жой олган бўлса, Абдуқодир Ҳусанов ҳимоядаги ишончли ўйини билан олқишларни қабул қилмоқда.
“Ньюкасл”га қарши ўтказилган учрашув 20 ёшли ўзбек футболчиси тўғри йўлни танлаганини, “Сити” унга ишонч билдириши асосли эканини намойиш этди.
Умар Мармуш ва Эрлинг Холанд ҳужум чизиғида рақиб ҳимоясини “ёндираётган” бир паллада, майдоннинг бу томонидаги ҳимоячилар ўз ишини хотиржамлик билан бажараётган эди. Бунга ёрқин мисол – Ҳусанов.
20 ёшли марказий ҳимоячи узатган 68 та пасдан 63 таси, яъни 94 фоизи манзилган аниқ етиб борди, рақиб жарима майдончаси атрофига учта хавфли тўп узатилишини амалга оширли, саккиз маротаба ҳимоявий ҳаракатларни бажарди, барча яккакурашларда ғолиб чиқди ва бирор марта рақибга алдангани йўқ, - деб ёзди givemesport.com журналисти Робин Мамфорд.
“Манчестер Сити” мухлислари Абдуқодир Ҳусановнинг фаол ҳаракатлари ва ишончли ўйинини беэътибор қолдиргани йўқ. Жумладан, мухлислар ижтимоий тармоқларда қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:
“Энди бизда иккита “Генерал” бор, бири Ҳусанов, иккинчиси Стоунс”,
“Абдуқодир ақлбовар қилмас ҳимоячи”,
“Ҳусанов биз учун янги Венсан Компани бўлади”,
“Ҳусановнинг асаби метин экан”,
“Ҳусанов дуэлларда енгилмади, бирга бир вазиятдан ўтиб бўлмас девор экан”,
“Абдуқодир ўз ишини хотиржам бажарди”,
“Ўзбек ҳимоячиси Риконинг камчиликларини ёпди”,
“Ҳусанов тезкор, жиддий ва аёвсиз ўйнайдиган ҳимоячи экан”,
“Абдуқодир жамоадаги ўрнини топди”.
Экспертларнинг фикрича, Абдуқодир Ҳусанов жамоанинг етакчи марказий ҳимоячилари ҳисобланган Рубен Диаш, Жон Стоунс ва Маниуэль Аканжи ўрнини бемалол эгаллай олади, бундан ташқари, зарур пайтда ўнг қанотда Рико Льюис позициясини ҳам ёпа олади.
Шунингдек, мутахассислар учрашувда Абдуқодир Ҳусанов моҳир тўпурар Александер Исаак бошчилигидаги “Ньюкасл” ҳужумчилари ҳаракатини чеклаб қўйгани, иқтидорли ҳимоячининг ҳар қандай рақибга қарши ўйнай олишидан далолат эканини таъкидламоқда.
Энди “Манчестер Сити”ни олдинда иккита мураккаб тўқнашув кутиб турибди. “Шаҳарликлар” 19 февраль куни Мадридда “Реал” меҳмони бўлади. 23 февралда эса, манчестерликларни Премьер-лига пешқадами “Ливерпуль” билан уй учрашуви кутиб турибди.
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ушбу бўлажак беллашувларда Абдуқодир Ҳусановга бемалол ишонч билдириши мумкин...

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар