
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг январда “Ланс”дан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани 2025 йилнинг энг шов-шувли трансферларидан бири бўлди.
Дарҳақиқат, қишки трансферлар ойнаси даврида ўзбек футболчисига Европанинг йигирмага яқин клуби қизиқиш билдирди. Улар орасида бу трансферга жиддий киришган жамоалар ҳам бўлди.
Якунда “Манчестер Сити” бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро тикиб, 20 ёшли марказий ҳимоячини илиб кетди.
Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусановнинг Англия футболидаги саргузаштлари бошланди. Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчиси жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Ҳатто Англия кубоги доирасида биринчи голини ҳам уришга муваффақ бўлди.
Россиялик таниқли футбол агенти Дмитрий Селюк Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги келажагига баҳо берди.
- Абдуқодир Ҳусановни қандай катта суммага трансфер қилишганини инобатга олсак, Хосеп Гвардиода бу футболчининг хизматларидан воз кечмайди.
Ўйлашимча, агар Абдуқодир қўпол хатоларга йўл қўймаса, унга мунтазам ўйин амалиёти берилади. Нима бўлишидан қатъи назар, Ҳусановнинг “Манчестер Сити”да ўзини кўрсатиши учун етарлича имконияти бўлади, - деди Дмитрий Селюк.
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам журналистлар билан мулоқотларда бир неча бор ўзбек футболчиси ҳақида фикр билдирди. Уларнинг бирортасида испаниялик мутахассис янги шогирдини танқид қилгани йўқ. Ҳатто Абдуқодир “Челси”га қарши дебют учрашувининг дастлабки беш дақиқасида голга сабабчи бўлган ва сариқ карточка олган вазиятда ҳам “шаҳарликлар”дан ҳеч бири унга маломат қилмади. Аксинча, Гвардиоладан тортиб, Эдерсон, Аканжи, Кевин де Брюйне, Холанд каби юлдузлар уни қўллаб-қувватлади.
Хосеп Гвардиола эса, 20 ёшли ўзбекистонлик футболчидан умиди катта эканини яширгани йўқ.
- Абдуқодир Ҳусанов келажакда буюк футболчига айланиши мумкин. Унда биз кўрган салоҳият уни юксак даражага кўтаради. Бу ҳаммамиз учун манфаатли бўлади.
Менга Абдуқодирнинг тўп билан ишлашдаги совуққонлиги, ўта тезкорлиги жуда маъқул келди. Энди қарор қабул қилиш хусусиятини яхшилаши лозим ва бу хусусият ёшга боғлиқ масала ҳисобланади, - деди Хосеп Гвардиола.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов футболнинг дастлабки сир-асрорларини “Бунёдкор” академиясида ўрганган. Профессионал фаолиятини 2022 йили Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлади.
Бир йилдан кейин уни Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” олиб кетди. Францияда бир ярим йил тўп тепган ҳамюртимиз ниҳоят “Манчестер Сити”дан қўним топди. Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”нинг энг қимматбаҳо трансфери бўлди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар