
Англия Премьер-лигасининг 26-тури мусобақада совринли ўринлар ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётган жамоалар орасида фақат “Ливерпуль” омадли келди.
Арне Слот шогирдлари “Манчестер Сити” майдонидан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Агар Абдуқодир Ҳусановнинг ишончли ўйини бўлмаганида голлар сони янада ошарди.
Бу турдаги ғалаба ливерпулликларнинг энг яқин таъқибчи – “Арсенал” билан очколар фарқини яна учтага оширди. Чунки “канонирлар” бу гал ўз майдонида анча заифлашиб қолган “Вест Хэм”дан қақшатқич зарбага учради – 0:1.
Учинчи ўринга жойлашиб олган “Ноттингем Форест” голлар шоуси намойиш этилган беллашувда “Ньюкасл” майдонидан 3:4 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди.
“Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” учрашувидан кейин нуфузли манба – cityxtra.co.uk портали экспертлари мезбон футболчиларнинг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Эдерсон – 5:
Иккала голда ҳам чап қанот бўш ўйнади. Эдерсоннинг ўзи битта хавфли зарбани бартараф этди. Голларни инобатга олмаганда, ишончли ўйнади.
Рико Льюис – 4,5:
Ўз даражасида ўйнай олмади. Биринчи голда унинг айби бор. Тўп узатишда жуда кўп хато қилди.
Абдуқодир Ҳусанов – 6:
Учрашувнинг биринчи қисмида Муҳаммад Салоҳнинг икки бор ва Луис Диаснинг бир бор тўп киритишига тўсқинлик қилди. Бироқ Абдуқодир атрофидан жой олган ҳимоя тизими шу куни иш бермади. Ўйиннинг иккинчи ярмида Собослаининг дарвозага берган зарбасини блоклаб, ҳисобнинг йириклашишига йўл қўймади. Ҳусанов бугунги кунда “Манчестер Сити”нинг энг зўр ҳимоячиси бўлиб турибди.
Натан Аке – 5:
Муҳаммад Салоҳ билан тўқнашувда бир неча бор имкониятни бой берди. Ливерпулликлар унинг ҳудудидан ўтиб кетди.
Йошко Гвардиол – 5:
Муҳаммад Салоҳ билан рақобатда ўзини ноқулай сезаётгани билиниб қолди. Тўп йўқотган ҳолатлар бўлди. Рақиб жарима майдончаси атрофида яхши тўп узатишларни амалга оширди.
Нико – 6:
Жамоаси ҳимояланган вазиятда ўйинни назорат қилишга уринди. Ҳужум уюштиришдан кўра, ҳимояга эътибор қаратишига тўҳри келди.
Кевин де Брюйне – 4:
Яхши ўйнай олмади. Унинг юлдузли онлари ортда қолган кўринади. Маҳоратини кўрсатадиган ва асосий таркибга лойиқ эканини намойиш қиладиган паллада ишончли ўйнай олмади. Креативлик етишмади.
Савиньо – 6,5:
Ҳужумкор футболчилар орасида энг ёрқин ўйнаган футболчи Савиньо бўлди. Анча тер тўкиб, жуда кўп югуришига тўғри келди.
Фил Фоден – 4:
Илгари Фоден ҳам худди Кевин де Брюйне сингари бунақа учрашувлар тақдирини ҳал қиларди. Бу гал унинг ўйини бесамар тўп узатишлар ва узоқ масофага югуришга уринишлар билан чегараланди.
Омар Мармуш – 5:
Олдинги чизиқда нималардир қилишга уринди, лекин дарвозага йўл топа олмади. Унга тўп етказиб, ҳужум чизиғига чиқарадиган ўйинчи топилмади.
Жереми Доку – 5,5:
Дриблинглари сонининг кўплиги, ҳеч қандай самара бермади. Рақибни алдаб ўтгани билан ҳужумни якунлаш имкони топилмади.
“Манчестер Сити” мағлубиятга қарамай, мусобақа жадвалида Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўринда қолди. Бу поғонага “Ньюкасл”, “Борнмут” ва “Челси” футболчилари ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия Премьер-лигасидаги навбатдаги учрашувни 26 февраль куни сафарда “Тоттенхэм”га қарши ўтказади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар