
“Рома”га тажрибали мутахассис Клаудио Раньери бош мураббий этиб тайинланганидан кейин Элдор Шомуродовнинг фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатила бошлади.
Айнан 73 ёшли мутахассис қишки трансферлар вақтида ўзбек футболчисининг бошқа клубга ўтишига йўл қўймади. Шундан сўнг 29 ёшли ҳужумчи “Рома” ўйинида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Экспертлар гарчи Шомуродов кам гол ураётган бўлса-да, ҳужум ташкил этишда жамоа ўйинига сезиларли таъсир ўтказаётгани, аргентиналик ҳужумкор футболчи – Пауло Дибала ва Матиас Суле билан ҳамкорликда самарали ҳаракат қилаётганини алоҳида таъкидлашмоқда.
А Сериянинг 26-турида чемпионат аутсайдери “Монца”га қарши ўтказилган беллашувда Элдор Шомуродов асосий қаҳрамонга айланди. Ҳамюртимиз дастлаб Алексис Салемакерснинг голига ассистентлик қилган бўлса, биринчи бўлим ўрталарида ўзи ҳам чиройли гол уриб, амалда ўйин тақдирини “бўрилар” фойдасига ҳал қилди.
Беллашув охиригача яна иккита тўп киритган римликлар ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Ушбу учрашувдан кейин жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Футболчилар яхши шуғулланяпти, жамоада ички муҳит аъло даражада. Мен футболчиларимга ишонч билдиришда давом этаман. Биз мухлисларга жамоадан фахрланиш туйғусини қайтара олдик. Энди улар йигитларнинг имкониятларига ишонч билан қараяпти, жамоани қўллашмоқда ва бу жуда муҳим аҳамиятга эга.
Шогирдларим машғулотларда машаққат билан ўрганаётган кўникмаларини учрашувларда амалда қўллаб келмоқда. “Монца” лигада қолиш учун курашаётгани учун ҳам бу беллашув биз учун ўта хавфли ва тузоқ бўлиш эҳтимоли катта эди. Мен жамоадан бу масалага жиддий эътибор қаратиш ва тезкор ечим топишни талаб қилдим.
Йигитлар вазият жиддий эканини тушуниб етди. Мавсумни охиригача ҳар бир учрашув ўта муҳим ва қийин бўлиб қолаверади.
Мен жамоа билан доимий алоқани ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Шогирдларим ҳам улар учун ҳамма нарсага тайёр эканимни яхши билади. Мухлислар стадионга келиб, охиригача курашаётган жамоани кўриши керак. Натижа кўп омилларга боғлиқ бўлади, энг самарали усул эса алоҳида ўйинчиларнинг жамоа манфаатлари йўлида ўз иродасини намойиш қилишидир.
Элдор Шомуродов асосий ҳужумчига айланиб бормоқда. Чин дилдан шуни айтаманки, муҳим учрашувга тайёргарлик кўриш ва уни ўз фойдамизга ҳал қилиш учун бирорта салбий ўй-хаёл бўлмаслиги керак. Мен бу йигитларга ўйнаш имконини беряпман.
“Наполи”га қарши учрашувда ҳам мен кам майдонга тушаётган ўйинчилардан фойдаланишга қарор қилдим. Сиз бу йигитларни, хусусан Шомуродовнинг машғулотларда қандай тер тўкаётганини кўрганингизда эди... Улар майдонга чиқишга ошиқмоқда. Бу мен учун муҳим. Бундай вазиятда таркиб танлаш қийин, лекин бу футболчилар ўзини 100 фоизга ишга бағишлаяпти. Ҳар бир ўйин футболчининг жамоа учун ўйнаш иштиёқига боғлиқ бўлади, - деди Клаудио Раньери.
Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирларда 24 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас узатди.
“Рома” А Сериядаги навбатдаги учрашувини 2 март куни “Комо” жамоасига қарши ўтказади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар