
Англия Премьер-лигаси доирасида “Тоттенхэм” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги учрашувнинг қаҳрамонларидан бири Абдуқодир Ҳусанов бўлди.
Легионеримиз учрашув давомида рақиб ҳужумчиларига гол уриш имконини бермади ва “шаҳарликлар”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Кўпчиликнинг эътиборини ўйиндан кейин “Тоттенхэм” футболчилари, хусусан, жамоа сардори Сон Хён Мин келиб, Абдуқодирни табриклаган ва унга яхши фикрлар билдирган вазият тортди.
Нуфузли манбалардан бири – manchestercity.news сайти эксперти Шринивас Садхананд кореялик футболчи нега бундай қилганига ойдинлик киритди.
- Пеп Гвардиола Ҳусановнинг “Тоттенхэм”га қарши ўйинини юқори баҳолади. Чунки ўзбек футболчиси бутун учрашув давомида юқори даражада ўйнади, “Сити”нинг мудофаа чизиғидаги таянчи бўлди, рақиб ҳужумларини кесиб қўйди, мезбонларнинг дарвозага хавф солишига йўл қўймади.
Айниқса, Ҳусановнинг кенг майдон бўйлаб, катта тезликда югуриб, бор кучини сарфлагани ҳаммада яхши таассурот қолдирди. Агар ўзбек ҳимоячиси бўлмаганида, “Тоттенхэм” битта ёки иккита гол уриши аниқ эди. Чунки улар “Манчестер Сити”га қарши ҳужумлар орқали катта хавф солди.
Ҳусанов тўпни маҳорат билан назорат қилишдан ташқари, узоқ масофадан туриб, Жереми Доку ва Савиньога аниқ тўп узатиш орқали уларни ҳужумга ташлади. Бир сўз билан айтганда, Ҳусанов кечаги кунда “Сити” либосида ўйнаётган энг ёрқин футболчига айланиб бўлди.
“Манчестер Сити” январда олинган ўйинчиларнинг дарров ишга киришиб кетганидан хурсанд бўлиши мумкин. Витор Рейс, Нико Гонсалес ва Умар Мармуш орасида Абдуқодир Ҳусанов энг яхши танлов бўлгани ойдинлашиб бормоқда.
Беллашувдан кейин “Тоттенхэм” сардори Сон Хён Мин Ҳусановга келиб, бош бармоғини юқори кўтариб, уни зўр ўйин билан табриклади. Сон Англия Премьер-лигасида энг кучли ҳужумчилардан бири саналади. У “Сити”нинг янги ҳимоячисидан ўтиш учун анча куч сарфлаган бўлса-да, буни уддалай олмади ва охири Ҳусановнинг маҳоратига тан берганини кўрсатди.
Статистик кўрсаткичлар ҳам ҳужумчи ва ҳимоячи рақобатида Абдуқодир Сондан устун келганидан далолат бермоқда. Одатда, кореялик юлдуз мунтазам “Манчестер Сити” дарвозасига хавф солиб келган. Бу баҳсда ҳам ҳисобни тенглаштиришга яқин келди.
Лигада Сон Хён Миннинг гол уриш ва ассист қилиш қобилияти доим юқори баҳоланиб келади. Лекин бу гал Ҳусанов ўзаро тўқнашувларда бирор маротаба унга имкониятни бой бермади. Шундан сўнг, Сон Хён Мин “Манчестер Сити”нинг ёш ҳимоячиси салоҳиятини эътироф этган ҳолда унга ўз тилакларини билдиришга қарор қилди ва унинг бу иши “Манчестер Сити” мухлисларига маъқул келганига шубҳа йўқ, - деб ёзмоқда Шринивас Садхананд.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 20 январь куни “Ланс”дан “Манчестер Сити” жаомасига кўчиб ўтди. Шундан бери легионеримиз Премьер-Лига, Англия кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси доирасида бешта учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари битта гол ҳам урди.
Ҳусанов Англия майдонларида ҳам юқори савияли ўйин намойиш қилмоқда ва бугунги кунда ҳақиқатан Премьер-лиганинг энг ёрқин кашфиётига айланиб боряпти. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар