
“Манчестер Сити” жорий мавсумнинг қолган қисмида икки мақсад учун курашмоқда. Асосийси, жамоа Англия Премьер-лигасида кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб қолиб, келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиши керак.
Бундан ташқари, “шаҳарликлар” ҳеч бўлмаганда Англия кубогини қўлга киритиш орқали ўзлари учун муваффақиятсиз ўтган мавсумдан бирор ёрқин хотира қолдиришга уриниши лозим.
Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия кубогининг бешинчи босқичида қуйи лига вакили “Плимут” билан куч синашди. Бу босқичга “Брентфорд” ва “Ливерпуль” каби Премьер-лига жамоаларини мусобақадан чиқариб юборган “Плимут” манчестерликларга қарши учрашувни ҳам жадал бошлаб биринчи бўлиб ҳисобни очди.
Мезбонлар кейинчалик учта тўп киритиб, учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди ва навбатдаги босқичга йўлланма олди.
Бу беллашувдан кейин Хосеп Гвардиола кўзланган мақсадларга эришиш учун асосий масъулият янги ўйинчилар, хусусан, Абдуқодир Ҳусанов зиммасига тушишини алоҳида таъкидлади.
Гап шундаки, бу баҳсда марказий ҳимоячилардан Натан Аке жароҳат олиб, иккинчи бўлим учун майдонга чиқа олмади. Тажрибали футболчи аввал лазаретга тушган марказий ҳимоячилар Мануэль Аканжи ва Жон Стоунз қаторига қўшилди. Энди улар биринчи навбатда жароҳатидан қутилиб, кейин спорт формасини тиклаб олиши учун вақт талаб этилади.
- Энди биз яна тажрибали марказий ҳимоячиларсиз қолдик. Буёғига муайян муддат Натан Аке хизматидан ҳам фойдалана олмаймиз.
Мен жамоага Абдуқодир Ҳусанов ва бугун яхши ўйнаган Витор Рейсни олиб келишгани учун клуб мутасаддиларига раҳмат айтишим керак. Ҳусановнинг хизматисиз Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиш ёки Англия кубогида юришни давом эттириш имкониятидан айрилардик.
Ҳозир марказий ҳимояда Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс ва тажрибали ўйинчилардан фақат Рубен Диаш қолди, холос.
Янги ўйинчиларнинг ҳозир сафимизда экани мўъжизанинг ўзгинаси. Чунки ҳозирги муаммоларимиз бутун мавсум давомида бизни қийнаб келмоқда.
Бироқ умуман олганда, жамоа кайфияти яхши. Охирги ойда ўйинимиз ижобий томонга ўзгаргани яққол сезилмоқда. “Ливерпуль”га ва “Челси”га қарши жуда яхши ўйнадик. Мадриддаги ўйинни шунчаки унутамиз. Аслида биз ўзимиз бўлишимиз керак бўлган позициялардан анча узоқлашиб кетгандик.
Босқичма босқич яхши ўзгаришлар рўй бермоқда ва ҳаммаси бир бирига боғлиқ. Биз бу йил келаси мавсумда Чемпионлар лигасидан жой олиш учун курашамиз, - деди Хосеп Гвардиола.
Таъкидлаш жоизки, “Манчестер Сити”нинг январда 200 миллион евродан ортиқ пул сарфлаб, амалган оширган тўртта трансфери ўзини оқламоқда. Бугунги кунга қадар Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш ва Нико Гонсалес асосий таркиб ўйинчиларига айланиб бўлди. 18 ёшли бразилиялик марказий ҳимоячи Витор Рейс ҳам Англия кубоги доирасида иккита учрашувда майдонга тушиб, асосий таркибда ўйнашга қодир эканини кўрсата олди.
“Манчестер Сити” навбатдаги учрашувини Англия Премьер-лигаси доирасида 8 март куни учинчи ўринда бораётган “Ноттингем Форест”га қарши учрашади. 28-турнинг ушбу марказий учрашуви Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар