00:17 / 17.03.2025
102

Довбикни “қўрқитиб” қўйган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Довбикни “қўрқитиб” қўйган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
“Рома” Европа лигасидан чиқиб кетганига қарамай, Италия А Сериясида муваффақиятли юришини давом эттирмоқда. 29-турда “бўрилар” ўз майдонида “Кальяри”ни қабул қилиб, қимматли уч очкони қўлга киритди.

Учрашувдаги ягона голни 62-дақиқада Артём Довбик киритди. Бу пайт Клаудио Раньери украиналик ҳужумчини Элдор Шомуродовга алиштирмоқчи бўлиб турганди. Заҳирага олинишидан “қўрқиб” кетган Довбик кичик имкониятдан унумли фойдаланиб қолди ва яна ўн дақиқа майдонда тўп тепди.

“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган siamolaroma.it портали экспертлари римлик футболчиларнинг учрашувдаги ҳаракатларини қуйидагича баҳолади:

СВИЛАР 7,5:
Биринчи бўлим “Рома” дарвозабони учун хотиржам ўтди. Бироқ ўйиннинг иккинчи ярмида “Кальяри” ҳужумни кучайтирди. Бельгиялик посбон учта сейв билан дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

РЕНШ 6,5:
Ҳимояни анча мустаҳкам ушлаб турди. Кўп ҳаракат қилганидан оёқ пайлари тортишиб ҳам қолди.

МАНЧИНИ 7:
Римликларнинг ҳимоясида ҳақиқий етакчи эканини кўрсатди. Рақиб ҳужумчиси Пикколига ўйин бермади. Вақти-вақти билан олдинга ўтди ва Артём Довбикка голли пас узатди.

НДИКА 6,5:
Ўйин аввалида унчалик қийналгани йўқ. Лекин рақиб босимни оширганида анча тер тўкишига тғри келди. Бу ҳимоячини рақиб ҳужумчиси Пикколи анча қийнади.

САЛЕМАКЕРС 5,5:
Ҳар икки қанотда ўйнаб, ҳужум ташкил қилишга уринди. Баъзан ҳимояланишига тўғри келди. Универсаллиги яхши, бироқ бу кутилган самара бермади.

КОНЕ 6:
Учрашувни анча яхши бошлади ва сардинияликлар ҳужумларини бузишга ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда фаоллиги пасайгач, захирага олинди.

ПАРЕДЕС 7:
Жуда кўп энергия сарфлади. Тўпни назорат қилиб борди. Чизиқларни бир бири билан боғлаб туришда фаолик кўрсатди. Ҳимояга ёрдам берди.

БАЛЬДАНЦИ 6:
Ҳар галгидек ёрқин ўйнашга ҳаракат қилди. Лекин рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга йўл топа олмади. Бир марта Довбикни қулай позицияга чиқарди. Ҳужумчи вазиятни барбод қилди.

АНЖЕЛИНО 5,5:
Аввалги учрашувлардан фарқли равишда бу гал ўз даражасида ўйнай олмади. Жисомнан ва руҳан чарчаб қолгани билинди.

ДОВБИК 6,5:
Клаудио Раньери ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қилди. Айрим вазиятларда гол уриш имкониятидан фойдалана олмаган бўлса-да, барибир рақиб дарвозасига йўл топди ва жамоага уч очко келтирди.

ШОМУРОДОВ 6:
Артём Довбик ўрнига майдонга тушган Элдор Шомуродов дарров курашга киришиб кетди. Рақиб босимини инобатга олиб, ўзбек легионери асосан тўпни олдинги чизиқда ушлаб туришга ва ҳимоядаги ўйинчилар нафасини ростлаб олиши учун имконият яратишга ҳаракат қилди.

Собиқ жамоаси дарвозасига хавф солишга ҳам уринди. Бир вазиятда тажрибали Йерри Мина бошчилигидаги ҳимоячиларга қийинчилик ҳам туғдирди.

ЭЛ-ШААРАВИ 6:
Майдонга тушиши билан ҳимояни мусткаҳкам ушлашга ёрдам берди. Шу боис, олдинга ўтишга кўп ҳам урингани йўқ.

СУЛЕ 6:
Ўз услубида ўйнади. Бироқ тўпни кўп ушлаб қолиши ҳужум самарадорлигига салбий таъсир қилмоқда. Бироз тезроқ ўйнаши талаб этилади.

ПИЗИЛЛИ 6:
Ренш ва Дибала жароҳатидан кейин иккинчи бўлимда ҳимоя ва ярим ҳимояни боғлаб туришига тўғри келди. Майдонда бир нечта вазифани бажаришга анча қийналди.

КРИСТАНТЕ 6:
“Кальяри” мағлубиятдан қутилиш учун босим уюштиришини билган ҳолда жамоасининг жисмонан устунлигини таъминлаш учун майдонга туширилди. Жамоага ёрдами тегди.

РАНЬЕРИ 6:
Бильбаодаги аламли мағлубиятдан кейин 48 соат ичида жамоани руҳлантириш осон бўлгани йўқ. Унинг қўл остида “Рома” қийин бўлса-да, кетма-кет олтинчи ғалабасини нишонлади. “Рома” 2025 йилда А Серияда энг яхши натижа қайд этаётган жамоа ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт