
Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижро кенгаши боксни 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари дастурига қайтаришни тавсия қилди. Бу қарор бокс соҳасида янги халқаро бошқарув органи – World Boxing ташкилоти тузилганидан кейин қабул қилинмоқда. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Аввалроқ, бокс расман Лос-Анжелес Олимпиадаси дастурига киритилмаган эди. Бу ҳолат Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) атрофидаги бир қатор жанжаллар, шунингдек, гендер текширувлари билан боғлиқ можаролар сабабли юзага келганди.
Россия раҳбарлигидаги IBA 2019 йилда бошқарув, молиявий ва ахлоқий масалалардаги муаммолар сабаб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. 2023 йил июнь ойида эса, ислоҳотларни амалга оширишдаги камчиликлар сабабли, IBA ХОҚ томонидан халқаро спорт бошқарув органи сифатидаги мақомидан расман маҳрум қилинди.
Шундан сўнг, бокс учун янги бошқарув органи яратилиши кун тартибида асосий масалага айланди. Яқинда ташкил этилган World Boxing ташкилоти 78 мамлакат вакилларидан иборат бўлиб, ўтган ойда ХОҚ томонидан вақтинчалик тан олинди.
ХОҚнинг Ижро кенгаши энди боксни Лос-Анжелес Олимпиадасига расман киритиш бўйича овоз бериши кутилмоқда. Агар овоз бериш жараёнида бу қарор қўллаб-қувватланса, бокс 2028 йилги Олимпиада дастуридаги ўз ўрнини тиклайди.
Бу қарор халқаро спорт жамоатчилиги томонидан бокс спорт турининг келажагига нисбатан муҳим ижобий қадам сифатида баҳоланмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар