12:33 / 20.03.2025
2 048

“Рома”нинг оғир мағлубияти: ҳимоячи ўз хатосини унута олмаяпти ва руҳан қийналяпти

“Рома”нинг оғир мағлубияти: ҳимоячи ўз хатосини унута олмаяпти ва руҳан қийналяпти
Европанинг йирик клубларидан бири "Рома" учун жорий мавсумдаги энг драматик учрашув Испаниянинг "Атлетик" жамоасига қарши бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган римликлар, жавоб баҳсида кутилмаган ҳолатга тушиб қолди.

Учрашувнинг тақдири кўп жиҳатдан "Рома"нинг тажрибали ҳимоячиси Матс Хуммельс билан боғлиқ бўлди. Учрашувнинг 8-дақиқасида ҳимоячи катта хатога йўл қўйиб, тўпни рақибга топшириб қўйди. Ўз хатосини зудлик билан тузатишга уринган Хуммельс рақибга қарши қўпол ҳаракат учун қизил карточка билан жазоланди ва майдондан четлатилди. Бу ҳолат "Рома"нинг режаларини бутунлай бузиб юборди ва жамоа қарийб бутун учрашувни бир киши кам бўлиб ўтказишга мажбур бўлди.

Учрашувнинг биринчи бўлими тугашига бир неча дақиқа қолганда "Рома" муҳим гол ўтказиб юборди ва бу жамоанинг психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Иккинчи бўлимда ҳам жамоа курашни давом эттирди, аммо исталган натижага эриша олмади.

Ўйиндан кейин Элдор Шомуродов журналистларга берган интервьюсида Матс Хуммельсни қўллаб-қувватлади:
- Саксон дақиқа ўн киши бўлиб ўйнаш жуда қийин. “Атлетик” кучли жамоа. Биз боримизни бердик, бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Натижа учун афсусдамиз. Мухлислар шу ергача келди.

Бу футбол ва унда ҳамма хато қилади. Биз Хуммельс учун ҳам охиригача курашдик, бироқ биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида гол ўтказиб юбордик. Бу психологик жиҳатдан оғир зарба бўлди. Биз шунда ҳам охиригача курашдик, афсуски, ўхшамади.

Хуммельс ҳаммадан узр сўради. Бу футбол, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Биз у билан бирдаммиз.

Биз бир оиладекмиз. Биз ҳозиргача нима қилган бўлсак, шу ишларни давом эттиришимиз ва охиригача курашишимиз лозим. Ҳали чемпионатда кўп ўйинлар бор. Натижа қандай бўлишини охирида кўрамиз, - деди Элдор Шомуродов.

“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти журналисти Франческа Ди Норанинг ёзишича, германиялик ҳимоячи ўз хатосини унута олмаяпти ва руҳан қийналяпти. Журналистлар билан суҳбатда Матс Хуммельс бу хатони фаолиятидаги энг катта хато деб атаб, ўзи учун катта сабоқ олганини айтди.

- Ўша воқеадан кейин мен ўз қадриятларимни бир қайта кўриб чиқдим. Бу менинг фаолиятимда йўл қўйилган энг катта хато эканига шубҳам йўқ. Бутун фаолиятим давомида ҳимоячи сифатида тўрт марта қўпол хато қилганман, бироқ уларнинг ҳеч бири Бильбаода бўлгани каби жамоанинг натижасига салбий таъсир ўтказмаган.

Тўғриси, менга жуда қийин бўлди. Кийим алиштириш хонасида ўтириб, жамоанинг кейинги босқичга чиқишига умид қилиш, айниқса, сен туфайли ҳар бир жамоадошинг янада кўпроқ тер тўкишга, машаққат чекишга мажбур эканини ҳис этиш жуда қийин бўларкан, - деди Матс Хуммельс.

Бу мағлубият "Рома"нинг жорий мавсумдаги ягона мағлубияти сифатида қолмоқда ва жамоа чемпионатдаги қолган ўйинларга жиддий руҳият билан тайёргарлик кўришда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт