
Шанба оқшомида Италия футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият билан ушбу мақола орқали танишишингиз мумкин.
«Ювентус» — «Женоа» 1:0
Гол: Йилдиз (25).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Гатти (Калулу, 27), Вейга, Келли, Гонсалес (Веа, 82), Локателли, Тюрам, Маккенни, Копмейнерс (Конйсейсау, 66), Йилдиз, Влаҳович.
«Женоа» — Леали, Сабелли, Де Винтер, Васкес, Маттурро, Френдруп, Онана (Малиновский, 71), Мазини, Миретти (Торсби, 80), Заноли (Вентурино, 63), Пинамонти (Экубан, 71).
Огоҳлантиришлар: Трюам (31), Френдруп (56), Малиновский (72), Веа (88).
Тиагу Моттани ишдан бўшатгач, «Ювентус» А Сериянинг энг яхши инқирозга қарши менежерини бош мураббий этиб тайинлади. Ўз вақтида «Кекса синоралар» сафида ўйнаган хорватиялик Игор Тудор мавсум давомида жамоаларни қабул қилган ва шу мақомда камида элликта ўйин ўтказган мураббийлар орасида сўнгги 90 йилликдаги энг яхши кўрсаткичга эга. У бундай учрашувларнинг 86 фоизида (69 тадан 59 тасида) ғалаба қозонган, шанба куни эса «Женоа» устидан қозонилган ғалаба эвазига статистикани яхшилади. Шу билан бирга, камтарона 1:0 ўйин характерига унчалик мос келмайди. Туринликлар сўнгги дақиқаларда ҳам гол уриш учун иккита яхши имкониятга эга бўлишди.
Ва бу ўйин тақдирини ҳал қилган Кенан Йилдизнинг вазиятига қараганда анча яққол вазиятлар эди. Жарима майдонига ёриб кирган туркиялик футболчи ҳимоячини чиройли тарзда алдаб ўтиб, дарвозани ўткир бурчакдан нишонга олди. Бу Йилдизнинг «бянконерилар» сафидаги еттинчи голи бўлди. Агар у ўзининг туғилган кунигача (4 май) ҳеч бўлмаганда бир гол уришга улгурса, ғалаба учун уч очко бериш бошланганидан кейинги даврда 20 ёшдан ошмаган футболчилар томонидан урилган голлар сони бўйича «Юве» рекордини ўрнатади. Ҳозирча Йилдиз бу борада Мойзе Кин билан бир хил натижа қайд этмоқда.
«Лечче» — «Рома» 0:1
Гол: Довбик (80).
«Лечче» — Фалконе, Гилбер, Гашпар, Баскиротто, Галло, Кулибали (Каба, 72), Рамадани (Ребич, 84), Перотти (Банда, 58), Ҳелгасон (Бериша, 72), Карлссон (Ндри, 58), Крстович.
«Рома» — Свилар, Манчини, Ҳуммелс, Ндика, Салемакерс (Писилли, 84), Коне, Кристанте, Анҳелино, Суле (Шомуродов, 72), Пеллегрини (Балданзи, 72), Довбик (Эл Шаъровий, 84).
Огоҳлантиришлар: Карлссон (54), Балданзи (75), Салемакерс (78).
«Рома» тур ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Лацио»ни қувиб ўтиб, еврокубокларга йўлланма берувчи олтинчи ўринга кўтарилди. Аутсайдерга қарши ўйинда римликлар узоқ вақтгача ўз мақсадига ета олмади ва Клаудио Раниери иккинчи ҳужумчи сифатида Элдор Шомуродовни ҳам майдонга ташлади. Бу эса ўз самарасини берди ва 80-дақиқада Артём Довбик яқин бурчакни аниқ нишонга олиб, римликлар жамоасининг ғалабали сериясини етти ўйинга етказди. «Бўрилар»да бундай муваффақиятли оралиқ 2016 йилдан буён кузатилмаганди, ўшанда Лучано Спаллетти бошқарувидаги жамоа қаторасига саккиз ўйинда ғалабага эришганди. «Рома» учун мавсумни қутқариб қолган Клаудио Раниери кейинги ҳафтада бу натижани такрорлаш имконияти бўлади — аммо тақвим осон эмас, аввалига «Ювентус», унинг ортидан — Рим дербиси кутмоқда.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар