date 16:03 / 07.04.2025
views 123

Пенальтилар масаласига нуқта қўйилди: “Реал”да энди ким зарба беради?

Пенальтилар масаласига нуқта қўйилди: “Реал”да энди ким зарба беради?
Мадридда барча саволга жавоб топилди. Жамоа мухлисларини бир неча ҳафтадан буён қийнаб келаётган “Ким пенальти тиради?” деган саволга Карло Анчелоттининг ўзи чек қўйди.

Ҳаммаси Ла Лиганинг 30-туридаги ўйиндан бошланди. Винисиус Жуниор “Валенсия”га қарши баҳсда 11 метрлик нуқтадан гол ура олмади ва бу хатолик “Реал”га қимматга тушди — мағлубият! Бу эса жамоа ичида пенальти масъулиятини ким зиммасига олиши лозимлигини қайтадан кўриб чиқишга мажбур қилди.

Испаниянинг машҳур Marca нашри хабарига кўра, энди “Реал”нинг асосий пенальти ижрочиси аниқ. Чемпионлар Лигасида “Арсенал”га қарши ўйинда пенальти тайинланса, биринчи навбатда зарбани Килиан Мбаппе амалга оширади. Агар у муваффақиятсизликка учраса, иккинчи бўлиб тўпга Жуд Беллингем ёндашади.

Айтиш жоиз, “Реал” ва “Арсенал” ўртасидаги чорак финал тўқнашуви 8 апрель куни Лондонда бўлиб ўтади. Жавоб баҳси эса 16 апрель куни “Сантьяго Бернабеу”да ўтказилади. Бу қарама-қаршилик нафақат Европа, балки бутун футбол оламининг эътибор марказида.

Айни вақтда “Реал” Ла Лига жадвалида 63 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Пишиқ рақиб — “Барселона” эса 67 очко билан пешқадам. Чемпионлик учун кураш ҳар қачонгидан ҳам қизғин тус олмоқда!

Энди эса барча пенальти муҳокамалари ортида қолди. Мбаппе ва Беллингем каби юлдузлар билан “Реал”да хатога ўрин қолмаслиги керак. Энди қарор аниқ — фақат зарба, фақат ғалаба!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт