
Ўзбек футболида алоҳида аҳамиятга эга бўлган «Нефтчи» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳамиша мухлисларнинг эътиборида бўлган. Ҳозирги пайтда бу клубларнинг ҳолати турлича бўлса-да, ўзаро баҳснинг аҳамияти пасайган эмас.
Эртанги муҳим ўйин олдидан биз ўз вақтида икки жамоада ҳам фаолият олиб борган Мурод Исмоиловнинг фикрлари билан қизиқдик.
«Ҳозир «Нефтчи» жуда яхши спорт формасида ва юқори кайфиятда ўйинларга чиқмоқда. Жамоа таркибида иқтидорли ва кучли футболчилар жамланган. Сўнгги ўйинларда улар бир маромдаги барқарор ўйин намойиш қилмоқда. «Пахтакор»да эса ҳозирча акс ҳолат кузатиляпти. Балки бу янги тактик режалар билан боғлиқдир. Лекин футболчи танлаш борасида клуб яхши иш олиб борганини таъкидлаш керак.
Жамоаларнинг жадвалдаги ўрни бу баҳс учун ҳеч нарсани англатмайди. «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўзаро баҳсларда, ҳатто энг заиф пайтларида ҳам энг яхши ўйинларини кўрсатган. Бу классикода кутилмаган натижалар кўп бўлган. Шу сабаб, эртага ғолибни олдиндан тахмин қилиш қийин. Аммо бир нарса аниқ: биз қизиқарли ва ҳаяжонли ўйин гувоҳига айланамиз.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида мухлислар муҳити жуда таъсирчан. Мезбонларнинг асосий кучларидан бири айнан шу бўлади. Тошкентдан ҳам кўплаб мухлислар ташриф буюриши кутилмоқда. Мен учун бу икки жамоа ҳам қадрдон ҳисобланади. Кучли жамоа ғалаба қозонгани маъқул, биз эса эртага чиройли ва жозибали футболдан завқ олайлик», — деди Мурод Исмоилов.
Сиз нима деб ўйлайсиз: бу галги классикода ким устун келади — руҳий устунликка эга ‘Нефтчи’ми ёки кучли таркибли ‘Пахтакор’? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар