
Мадриднинг “Реал” клуби ва Бразилия миллий терма жамоаси юлдузи Винисиус Жуниорнинг профессионал фаолияти Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан жиддий текширувга олинди.
Marca нашри тарқатган хабарга кўра, ФИФА 24 ёшли юлдуз футболчини футбол қоидаларига кўра манфаатлар тўқнашувини юзага келтирганликда айбламоқда. Маълум бўлишича, Винисиус Жуниор бир неча профессионал футбол клублари эгаси сифатида рўйхатдан ўтган ва бу ҳолат халқаро футбол қоидаларига зид бўлиши мумкин.
Агар футболчига қўйилаётган айбловлар ўз тасдиғини топса, у икки йилгача футбол майдонларидан четлатилиши эҳтимоли мавжуд.
Жорий мавсумда Винисиус “Реал” сафида барча турнирларда жами 47 та ўйин ўтказиб, бу беллашувларда рақиб дарвозасига 21 бор гол урди ва жамоадошларига яна 15 та голли узатма амалга оширди. Айни вақтда мадридликлар билан 2027 йилнинг ёзига қадар шартномага эга бўлган юлдуз футболчи Transfermarkt порталида 200 миллион еврога баҳоланмоқда.
ФИФАнинг ушбу текшируви ва унинг натижаси нафақат футболчи, балки бутун футбол оламида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки Винисиуснинг дисквалификация қилиниши "Реал" клубининг жорий ва келгуси мавсумлардаги режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
ФИФА томонидан олиб борилаётган суриштирувнинг якунлари қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Ҳозирда футбол мухлислари ва экспертлар бу масаладаги расмий қарорни интизорлик билан кутишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар