date
views 553

Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги миш-мишлар: ҳақиқатми ёки шунчаки бўрттирма?

Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги миш-мишлар: ҳақиқатми ёки шунчаки бўрттирма?
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов атрофида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Ҳимоячининг сўнгги 5 учрашувда майдонга туширилмагани фонида инглиз нашрларида унинг “шаҳарликлар” сафидан кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳозир шу мавзуга батафсил тўхталишга ҳаракат қиламиз, деб ёзади Дарё.

Ўзбекистон терма жамоасининг март ойидаги йиғинига келган Абдуқодир Ҳусанов ўзбек ОАВ томонидан анча илиқ кутиб олинди. Сабаби, футболчининг Англия Премьер Лигасида пайдо бўлиши нафақат ўзбекистонлик мухлисларни, балки бошқа хорижий мамлакатларда ҳам анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боис унинг Тошкентга келиши резонансларга сабаб бўлгани табиий ҳолат. Ўзбекистон терма жамоасининг март ойидаги Қирғизистон ҳамда Эронга қарши учрашувларида майдонга тушган Ҳусанов Теҳрондан Манчестерга учиб кетди ва барчаси шундан бошланди.

Хусусан, Ҳусанов “Манчестер Сити” йиғинига етиб боргач, жамоанинг Англия Кубоги чорак финали доирасидаги “Борнмут”га қарши беллашувида асосий таркибда майдонга тушди. Аммо кутилмаганда, Пеп Гвардиола уни иккинчи бўлимнинг бошида Нико O’Райли билан алмаштирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Абдуқодирнинг ўрнига тушган инглиз футболчиси Эрлинг Ҳоланднинг голига ҳаммуаллифлик қилди ва учрашувнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди.

Кейинчалик Ҳусанов Англия Премьер Лигаси 30-туридаги “Лестер”га қарши беллашувда қайдномага киритилмади. Инглиз нашрлари ушбу ҳолатда бош мураббий ўзбекистонлик футболчига дам олиш имконини бергани, кейинги турдаги Манчестер дербисига яхши асраб қўйгани ҳақида хабар тарқатди.

Шу сабабли “Лестер”га қарши баҳсда футболчининг йўқлиги ўзбек ОАВда унчалик муҳокамага сабаб бўлгани йўқ. Лекин Ҳусанов “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда ҳам майдонга туширилмади ва бу Ҳусановнинг мухлисларида хавотир уйғота бошлади.

Шундан кейин футболчи “Кристал Пэлас”, “Эвертон” ва “Астон Вилла” билан ўйинларда ҳам захирада қолдирилди. Абдуқодирнинг майдонга туширилмаслиги ҳамда унинг асосий рақобатчиси дея қаралаётган Нико O’Райлининг кетма-кет голлар киритиши фонида ўзбекистонлик мухлислар Ҳусановнинг Манчестердаги сафари “қаригани”, Ўзбекистонга келганида уни тадбирма-тадбир олиб юришгани, ҳатто блогер Абдураҳмон Фозилов футболчининг атрофида ўралашиб қолгани билан боғлашни бошлади.

23 апрель куни инглиз нашрларида “Манчестер Сити” ўзбекистонлик футболчини ижарага беришга тайёр эканлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. Сабаби, “шаҳарликлар” раҳбарияти Ҳусановнинг кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини истаб, уни вақтинчалик бошқа жамоага беришни истамоқда. Аслида бу қанчалик тўғри? Агар бир томондан қарасак, бу анча оқилона қарор. Сабаби, Ўзбекистон терма жамоасининг олдида муҳим баҳслар турганида, ёш ва иқтидорли ҳимоячимизнинг захирада кўп қолиши — яхшилик аломати эмас. Чунки бу ҳолат футболчининг келажагига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. Шу боис, “Манчестер Сити” каби қудратли клуб бўлмаса-да, ўртамиёна жамоага ўтиб, унинг асосий таркибидан муқим жой эгаллаши ҳам футболчи учун, ҳам Ўзбекистон терма жамоаси учун муҳим.

Аммо яна бир муаммо пайдо бўлиши мумкин — бу тил билан боғлиқ ҳолатлар. Сабаби, ҳозирги кунда ўзбек футболчиси учун энг катта тўсиқлардан бири — инглиз тилида яхши суҳбатлаша олмаслиги. Агар Ҳусанов Англия чемпионатидаги жамоага ўтса, бу яхши. Чунки Пеп Гвардиола ҳимоячининг инглиз тилини ўрганаётгани ҳақида матбуот анжуманларида бот-бот такрорлаб келмоқда.

Лекин Испания Ла Лигаси ёки Италия А сериясида иштирок этадиган клуб билан шартнома имзоласа, Абдуқодирда яна ўша ҳолат — янги муҳит, янги мамлакат ва албатта янги тил билан боғлиқ муаммо пайдо бўлиши мумкин. Шу боис, унинг бошқа клубга ўтиши ҳам яхши, ҳам ёмон томонларга эга.

23 апрель куни Абдуқодир Ҳусановга оид яна бир хабар пайдо бўлди. Яъни, ўзбекистонлик футболчига Италиянинг энг қудратли жамоаларидан бири — “Ювентус” қизиқиш билдирмоқда. Унга кўра, томонлар ҳозирда музокара ўтказмоқда. Ҳатто “шаҳарликлар” раҳбарияти ҳимоячини Турин клуби аъзоси Андреа Камбьясога алмаштириш борасида ўйлаб кўраётгани айтилди. Ушбу хабар ОАВга сизиб чиққач, ўзбек мухлислари орасида яна ўша фикрлар пайдо бўлди: “Ҳусанов учун барчаси тугади” ёки “Абдуқодирни Абдураҳмон Фозилов бузди” қабилидаги гаплар урчиб чиқишни бошлади.

Фото: “Дарё”/Асадбек Бердиёров
Футболга қизиқадиган мухлислар яхши билишадики, “Ювентус” қандай жамоа ва унда қай даражадаги футболчилар ўйнаганини яхши билишади. Шу сабабли Ҳусановнинг туринликлар сафига ўтиши ҳеч қандай пасайиш эмас, аксинча, яна ҳам ўсиш бўлиши мумкин. Чунки Италия футболи анчадан бери ҳимоявий ўйин намойиш этиши, “Ювентус” эса доим А Сериянинг топ жамоалари қаторида бўлиши ва улар Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этиши — ўзбекистонлик футболчи учун ҳар қачонгидан ҳам “плюс” бўлиши мумкин.

Ушбу миш-мишлар фонида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари ҳамда таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев Ҳусановнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, унинг атрофидаги вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Файзиевнинг айтишича, Ҳусановнинг таркибдан четда қолиши ортида ҳеч қандай салбий сабаб йўқ. Аксинча, мураббий Пеп Гвардиола машғулотларда унга доимий эътибор қаратади, тактик кўрсатмалар беради ва унга ҳали ҳам тўлиқ ишонч билдиради. Ҳусановнинг жисмоний ҳолати ҳам яхши, ҳеч қандай пасайиш кузатилмаган.

Бош сабаблардан бири — кучли ички рақобат. Кетма-кет ўйинларда гол ва ассистлар қайд этган ёш ҳимоячи O’Райли чап қанотда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Натижада Гвардиола Йошко Гвардиолни марказга, Рубен Диасни эса марказий ўнг ҳимояга ўтказди. Бу тактик ўзгаришлардан сўнг жамоа кетма-кет ғалабаларга эришди. Шундай пайтда, айниқса ҳимоя чизиғида, мураббийлар одатда ўзгариш қилмайди — айни пайтда “Сити”нинг ҳар бир очкоси Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Абдуқодирда ҳали имкон бўлади, ишонч бор. Унинг ўзи ҳам позитив руҳда, фақат ўз имконини кутмоқда. Фақат ишончли манбаларга эътибор беринг, дейди Файзиев.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ҳусанов атрофида айланаётган миш-мишлар кўпроқ тахминларга асосланган. Мураббий унга ишонмоқда, жисмоний ҳолати жойида, рақобат эса табиий жараён. Унга вақт берилиши, тўғри муҳит ва доимий ўйин амалиёти муҳим. Биз мухлислар эса қўллаб-қувватлашда давом этишимиз зарур. Чунки у ҳали олдинда бизни кўп бора қувонтириши мумкин. Шу сабабли футболчимизни фақат ва фақат қўллаб-қувватлашимиз зарур. Чунки унга билдирилган ҳар қандай ишонч, Ҳусановга қўшимча куч бериши табиий.

Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги миш-мишлар: ҳақиқатми ёки шунчаки бўрттирма?