
Бу мавсумда «Атлетико» Мадрид Ла Лига чемпионлиги учун курашда яна бир бор асосий рақиблари — «Реал» ва «Барселона»га қарши етарлича рақобат кўрсата олмади. Диего Симеоне шогирдлари кутилганидан пастроқ натижалар кўрсатгани сабабли, клуб раҳбарияти таркибни кескин кучайтириш бўйича жиддий чора-тадбирларни бошлаб юборди.
Яқинда Карлос Бусеро ва Севериано Гарсия раҳбарлигида шаклланган янги директорлар кенгаши «матрасчилар»ни яна юқори даражага чиқариш учун тезкор иш олиб бормоқда. Sport нашрининг маълум қилишича, бош мураббий Диего Симеоне келаси мавсум олдидан жамоага керак бўлган янги футболчиларни аниқлаб, уларнинг трансферларини амалга ошириш бўйича аниқ талабларни клуб раҳбарларига тақдим этган.
Ҳимоя чизиғи:
Аргентиналик тажрибали мутахассис ўз ҳамюрти — «Тоттенхэм»нинг асосий ҳимоячиси Кристиан Ромерони ўз таркибига қўшиб олиш истагида. Ромеро ҳам янги муҳитда ўз кучини синаб кўришни хоҳламоқда. Бу трансферни амалга ошириш учун «Атлетико» 50-55 миллион евро атрофида маблағни сарфлашга тайёр.
Ярим ҳимоя:
Жамоанинг ўйин услубида муҳим аҳамиятга эга бўлган марказий чизиқни кучайтириш учун «Атлетико»нинг асосий нишони «Вильярреал»нинг ёрқин вакили Алекс Баэна ҳисобланади. Лекин бу трансфер амалга ошмаса, мадридликларнинг қўлида бир қатор қўшимча номзодлар ҳам бор: улар орасида «Валенсия»нинг иқтидорли ёш юлдузи Хави Герра, Премьер-лига вакиллари — Матео Ковачич («Манчестер Сити») ва Томас Парти («Арсенал») каби тажрибали футболчилар мавжуд.
Ҳужум чизиғи:
Диего Симеоне жамоага аниқ ва барқарор голлар киритувчи форвард келтиришни талаб қилмоқда. Бош мураббийнинг асосий танлови сифатида Португалиянинг «Спортинг» клубида тўп сураётган Виктор Дьёкереш кўрсатилмоқда. Кейинги икки мавсумда голларни кетма-кет урган бу футболчи учун бошқа топ-клублар ҳам қизиқиш билдиряпти. Шу сабабли, «Атлетико» раҳбарияти бу трансферни амалга ошириш учун катта маблағ сарфлашга ҳам тайёр бўлиши шарт.
Кўриниб турибдики, мадридликлар янги мавсумда асосий рақибларига муносиб кураш олиб бориш ва узоқ кутилган чемпионлик унвонига эришиш учун таркибни жиддий равишда кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу трансферлар амалга ошган тақдирда, Ла Лигада чемпионлик кураши янада қизғин тус олиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг