
Европа футболи ҳал қилувчи босқичга кирди. Чемпионлик, совринлар ва Еврокубок йўлланмалари учун кураш авжида. Бу билан бир қаторда, клублар ёзги трансферлар учун ҳам жиддий тайёргарликни бошлаб юборган.
Айнан шундай пайтда Англия Премьер-лигасининг сўнгги йиллардаги мутлақ ҳукмдорларидан бири — “Манчестер Сити” бу йил чемпиониликни “Ливерпуль”га бой берди. Аммо клубда танаффус йўқ — бош мураббий Хосеп Гвардиола олдиндан янги мавсум учун ҳаракатни бошлаб бўлган.
Январданоқ қайта қурилиш бошланган
Гвардиола қишки трансфер ойнасининг ўзидаёқ келажак учун жамоа шакллантиришга киришди. Январда “шаҳарликлар” сафини ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов, бразилиялик Витор Рейс, испаниялик Нико Гонсалес ва мисрлик Умар Мармуш билан бойитган. Бу трансферлар жамоада жиддий ўзгаришлар бошланганидан дарак беради.
Ҳимоя чизиғи тайёр, трансфер шарт эмас?
“Сити” сафида 2000-йиллар бошида тўп сурган, ҳозирда футбол таҳлилчиси сифатида фаолият юритаётган Ричард Данн жамоа таркиби ҳақида sportsmole.co.uk сайтига фикр билдирди. Унга кўра, клуб ҳимоя чизиғини қайта қуришга эҳтиёж сезмаяпти.
“Январда Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс каби иқтидорлар келтирилди. Бундан ташқари жамоада Диаш, Гвардиол, Аканжи, Аке, Стоунз бор. Ҳар бир позицияда рақобат кучли. Жароҳатлар бўлмаса, марказий ҳимояда муаммо йўқ”, – дейди Данн.
Тажриба ёшга қарши – баланс муҳим
Унинг фикрича, айни дамда жамоада ёшлар билан бирга, уларга таянч бўладиган тажрибали ҳимоячилар ҳам сақлаб қолиниши керак.
“Жон Стоунз, Мануэль Аканжи, Натан Аке ва бошқалар ўз фаолиятининг энг муҳим босқичида. Ҳусанов ва Рейс эса ўсаётган юлдузлар. Агар клуб бу балансни сақлаб қолса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ёшлар тажрибалилардан ўрганиши шарт.”
Данн, шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:
“У келганидан буён кўзга ташланяпти. Кам вақт бўлганига қарамай, ўсиш бор. Унда истеъдод бор, уни йўқотмаслик керак. Гвардиола ундан фойдаланади, деб ўйлайман.”
Ижарага кетадими? Барса чақиряптими?
Шу билан бирга, сўнгги вақтда турли манбалар Хосеп Гвардиола Ҳусановни ёзда ижарага бериш масаласини кўриб чиқаяпти, деган маълумотларни тарқата бошлади.
Ҳатто баъзи манбаларга кўра, “Барселона” каби гранд клублар Абдуқодир Ҳусанов билан қизиқиш билдирмоқда. Унга Европанинг бир нечта клублари томонидан расман таклифлар ҳам юборилгани айтилмоқда.
Хулоса ўрнида...
“Манчестер Сити”да ҳимоя сатрлари қайта шаклланмоқда. Абдуқодир Ҳусанов эса бу жараённинг марказида турибди. У қоладими? Ижарага бериладими? Ёки “Барса” каби клубда янги босқич бошлайдими?
Сизнингча, Абдуқодир учун қайси вариант тўғри: “Сити”да қолиб рақобат қилишми ёки тажриба орттириш учун бошқа жамоада ўйнашми?
Абдуқодир ҲусановМанчестер СитиАнглия Премьер-лигасиФутбол ТрансферлариЁзги ТайёргарликҲимоя Чизиғи Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар