date
views 58

Бўстонлиқдаги халқаро велопойга: Никита Светковдан олтин медаль, қизларимиздан эса ажойиб ғалаба!

Бўстонлиқдаги халқаро велопойга: Никита Светковдан олтин медаль, қизларимиздан эса ажойиб ғалаба!
Бўстонлиқ туманида ташкил этилган халқаро UCI рейтинг очколарини тақдим этувчи “Tour of Bostonliq” мусобақасининг ҳал қилувчи учинчи босқичи ҳам якунланди.

Мазкур босқич анча мураккаб ва тоғли йўлларда 160 километр масофада бўлиб ўтди. Унда бир қатор мамлакатлардан ташриф буюрган кучли спортчилар ғолиблик учун қизғин рақобат олиб боришди. Барча иштирокчилар ўз имкониятлари ва маҳоратини синовдан ўтказиб, кучлироқ бўлишга ҳаракат қилишди.

Қувонарлиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Никита Светков муваффақиятли ҳаракат қилиб, мусобақанинг якунида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олди ва олтин медални қўлга киритди. У шунингдек, умумий ҳисобда учинчи поғонани банд қилиб, терма жамоамиз учун муҳим бўлган рейтинг очколарини ҳам тақдим этди.

Мусобақанинг аёллар ўртасидаги баҳслари ҳам қизғин ва интригага бой тарзда кечди. Бу ерда ҳам вакилаларимиз ажойиб натижаларни қайд этишди. Хусусан, пойгада қатнашган ҳамюртларимиздан Шаҳноза Абдуллаева мусобақанинг биринчи ўрнига муносиб кўрилди. Унинг ортидан финиш чизиғини кесиб ўтган яна бир спортчимиз Мадина Қаҳҳорова эса иккинчи ўрин соҳиби бўлди. Учинчи поғонага эса Жазоир вакили Несрине Ҳоуили кўтарилди.

Шу тариқа, аёллар ўртасидаги халқаро велопойганинг барча босқичлари ҳам муваффақиятли якунланди. Ўзбекистон велоспорт терма жамоаси аъзолари турнир давомида кўрсатган юқори натижалар ва ажойиб маҳорати билан барчанинг эътирофи ва олқишларига сазовор бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бўстонлиқдаги халқаро велопойга: Никита Светковдан олтин медаль, қизларимиздан эса ажойиб ғалаба!