
Суперлиганинг 8-тур доирасида бўлиб ўтган ва голларга бой кечган ОКМК – “Андижон” (4:3) учрашувидан сўнг, мезбонлар жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.
“Футболчиларга фақат миннатдорчилик билдиришим мумкин”
“Аввало, ўз мухлисларимизга ташаккур айтаман. Шунингдек, “Андижон” ишқибозларига ҳам раҳмат. Ўзига хос атмосферада ўтган, асабларга ўйнаган тўқнашув бўлди.
Шогирдларимга ҳам миннатдорлигимни билдираман. Агар бугун мағлубият қайд этилганида ҳам уларни танқид қилиш ниятим йўқ эди.
Футболда шундай драматик ва кучли ҳиссиётларга бой учрашувлар бўлиб туради. Биринчи бўлимда биз ёмон ўйнамадик, тўп бизда кўпроқ бўлди ва Ғиёсов ҳисобни очди.
Бундай вазиятларда жамоа ички бирликни намоён эта олиш керак. Дилшод Ёқубов атрофида жамоа бирлашди ва янада катта иштиёқ билан ҳаракат қилди.
Биринчи голда ҳаяжон таъсири бор эди. Иккинчи голни барчамиз кўрдик. Учинчи гол ҳақида айтсам, мен ёш бўлганимда “яқин бурчакдан ўтказилган гол — дарвозабон хатоси” деб ўргатишган. Лекин шунинг ўзига қарамасдан, жамоа руҳан куч топди ва охиригача курашди. Йигитлар борини берди. “Андижон” жамоасига келгуси ўйинларда омад тилайман.”
“1:3 бўлган пайтда ҳам юракда умид бор эди”
Журналистнинг саволига жавобан, Қосимов жамоа 1:3 ҳисобида мағлуб бўлаётган чоғда ҳам юракдан ишонганини айтиб ўтди:
“Футбол шундай спорт турики, унда ҳар қандай ҳолат ўзгариши мумкин. Шунинг учун у дунёдаги энг оммавий ва севимли ўйин.
Мен учун энг муҳими — жамоа шижоат билан охиригача курашсин. Албатта, қалбимда гол уриш ва камида дурангни ушлаб қолиш нияти бор эди.
Лекин Яратган ҳаракатларимизга яраша юксак мукофотини берди. Натижага яраша ҳаракат қилиш муҳим. Бугун буни амалга ошира олдик.”
Хулоса ўрнида…
ОКМК ўз майдонида мухлисларини кучли эмоцияларга тўла ўйин билан севинтира олди. Миржалол Қосимовнинг сўзларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жамоада нафақат тактика, балки жонкуярлик, бирлик ва ихлос ҳам етакчи кучга айланмоқда.
Сиз нима деб ўйлайсиз — бу ғалаба ОКМКни янги руҳда олдинга бошлайдими? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар