
Италия А Сериясининг навбатдаги турида «Милан» ўз уйида «Женоа»ни қабул қилиб, оғир кечган баҳсда 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Учрашувдан сўнг миланликлар бош мураббийи Сержиу Консейсау ўз шогирдлари кўрсатган ирода ва характерни юқори баҳолаб, ғалабанинг асосий қаҳрамонлари сифатида футболчиларни эътироф этди.
«Ўйинни бир тактик тузилма билан бошлаган бўлсак-да, майдондаги вазиятни кузатиб, бошқа бир схемага ўтишга қарор қилдик. Мураббий сифатида менга иш ҳақи тўлашади, демак, ўйинни кузатиб, зарур қарорларни қабул қилиш менинг бурчим ҳисобланади. Лекин ҳар доим ҳам мураббий ўйинга таъсир ўтказа олмайди – бугун, айниқса, футболчиларнинг ўйини ҳал қилувчи бўлди», – деди португалиялик мутахассис.
Консейсау жамоадаги руҳият ва бирдамликнинг кучли эканига алоҳида урғу бериб ўтди: «Биз фақат тактик жиҳатларни такомиллаштириш билан чекланиб қолмаймиз, балки футболчиларнинг шахсий ўсиши, руҳий ҳолати ва жамоавийлик каби муҳим жиҳатларга ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Албатта, ўйин давомида хатолар юзага чиқиши табиий ҳол – биз уларни аниқлаб, машғулотларда шу йўналишларда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламиз. Бугун ўтказиб юборган голимиз шундай вазиятдан бири бўлди».
Мураббий захирадан майдонга тушган футболчиларнинг ўйинини ҳам юқори баҳолади: «Захирадаги ўйинчиларимиз майдонга тушиб, бизга етишмай турган жойларни тўлдиришди ва ҳатто ўйин суръатини оширишди. Ўйин давомида расстановкамизни ўзгартириб, Хименес ва Жоау Феликсни олдинги чизиққа жойлаштирдик. Улар эса ҳужумдаги имкониятларимизни кенгайтириб, кучимизни оширдилар. Бу эса мураббийнинг эмас, айнан уларнинг маҳоратли ҳаракатлари туфайли амалга ошди».
«Милан» бош мураббийи жамоасининг руҳий жиҳатдан кучли ва бирлашган эканлиги келгуси ўйинларда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади: «Жамоамиз бугун яна бир бор ўз характерини ва кучини намоён қилди. Бу ирода бизга чемпионлик пойгасида ҳам катта ёрдам беради. Футболчиларнинг майдондаги ҳар бир ҳаракати мураббийнинг фалсафаси билан бирлашганда натижа келади ва бу биз учун катта қувонч».
Маълумот учун, Сержиу Консейсау «Милан» бошқарувига келганидан буён жамоада сезиларли ўзгаришларни амалга оширмоқда. Унинг қўл остидаги «россонерилар» айни пайтда Италия чемпионлиги учун асосий номзодлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Консейсаунинг прагматик ва мувозанатли услуби жамоага янги куч бағишлагани шубҳасиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар