date
views 3 433

Шомуродов — Римнинг юлдузига айланмоқда: Элдор А Серияда яна порлади ва шартномасини узайтирди

Шомуродов — Римнинг юлдузига айланмоқда: Элдор А Серияда яна порлади ва шартномасини узайтирди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, Италиянинг “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов А Сериядаги юқори савиядаги ўйинлари билан нафақат ўз жамоаси, балки бутун чемпионатнинг диққат марказига айланмоқда.

Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун қизиқаётган “Рома” сўнгги турларда муҳим очколар тўплаб келмоқда ва бу жараёнда Элдорнинг ҳиссаси беқиёс. Ўзбекистонлик легионер жамоанинг охирги бешта учрашувидан тўрттасида ҳал қилувчи ҳаракатлар билан иштирок этиб, 2 та гол ва 2 та голли пас муаллифига айланди.

Мухлислар тан олади: Элдор — ой футболчиси

Яқинда ўтказилган сўровномада “Рома” ишқибозлари апрель ойининг энг яхши футболчиси сифатида Шомуродовни танлашди. Унинг рақобатчилари — дарвозабон Миле Свилар ва ҳужумчи Матиас Суле сезиларли фарқ билан ортда қолишди. Бу Элдорнинг мавсумдаги иккинчи шахсий эътирофи — февраль ойида ҳам у ойнинг энг яхши ўйинчиси сифатида тан олинган эди.

Whoscored'дан рамзий эътироф

Футбол статистикасининг етакчи платформаларидан бири Whoscored.com A Сериянинг 35-тури учун тузилган рамзий терма жамоани эълон қилди. Ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов ўз ўрнини топган. Унинг ёнида “Аталанта” ҳужумчиси Матео Ретеги жой олган.

35-турда “Рома” ўз майдонида кучли рақиб “Фиорентина”ни мағлуб этди. Учрашувдаги ягона голга украиналик форвард Артём Довбик муаллифлик қилган бўлса-да, бу имкониятни айнан Шомуродов яратган. Элдор қийин вазиятда бўлишига қарамай, тўпни боши билан аниқ йўналтириб Довбикка узатди ва у гол киритди.

Италиядаги фаолияти: рақамлар ва натижалар

Шомуродовнинг Италия клубларидаги фаолияти босқичма-босқич ўсиб бормоқда. Қуйида унинг статистикаси:

- Женоа: 32 ўйин – 8 гол, 2 ассист
- Специя: 16 ўйин – 1 гол, 2 ассист
- Кальяри: 24 ўйин – 3 гол, 3 ассист
- Рома: 82 ўйин – 13 гол, 11 ассист

Шомуродов айни пайтда “Рома”даги энг самарали мавсумини ўтказмоқда. Унинг иштиёқи, ҳаракатчанлиги ва тактик интеллекту Рим жамоасида ўзининг алоҳида ўрнига эга эканини исботламоқда.

Шартнома 2027 йилгача узайтирилди

“Рома” раҳбарияти Элдорга ишонч билдириб, у билан тузилган шартномани 2027 йил 30 июнгача узайтирди. Бу қарор клубнинг унга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Шомуродов нафақат ўзбек футболи учун фахр, балки Европа саҳнасини забт этаётган ҳақиқий юлдузга айланмоқда. “Рома” сафидаги ҳар бир қадами уни юқори поғоналарга олиб чиқмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов — Римнинг юлдузига айланмоқда: Элдор А Серияда яна порлади ва шартномасини узайтирди