date
views 61

Пеп Гвардиола: "Ҳаммаси ўз қўлимизда, бизга фақат учта ғалаба керак!"

Пеп Гвардиола: "Ҳаммаси ўз қўлимизда, бизга фақат учта ғалаба керак!"
Англия Премьер-лигасининг 35-туридан кейин мусобақа жадвалида 64 очко билан учинчи ўринда бораётган "Манчестер Сити" клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола жамоанинг мавсумдаги мақсадлари ва еврокубоклар учун кечаётган кескин кураш ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Испаниялик машҳур мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда АПЛда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш ниҳоятда қаттиқ ва муросасиз кечмоқда. Гвардиоланинг фикрига кўра, ҳозирда олтита ёки еттита клуб Европанинг энг нуфузли турнирларига чиқиш имконияти учун ўзаро рақобат қилмоқда.

«Ҳозир Чемпионлар Лигасига чиқиш учун 6-7 та жамоа жиддий кураш олиб бормоқда. Бу курашни енгиб чиқиш учун биз ҳар бир учрашувда максимал даражада ҳаракат қилишимиз ва зарур очколарни йиғиб олишимиз керак. Барчаси ўз қўлимизда, бунга шубҳам йўқ. Биз фақатгина қолган учта баҳсда ғалаба қозонган ҳолда, ЕЧЛ йўлланмасини нақд қила оламиз», — деди Гвардиола.

Шу билан бирга, испаниялик мутахассис мавсум охирида "шаҳарликлар" иккинчи ўринни эгаллаб, Англия Кубогини қўлга киритиш эҳтимолини ҳам баҳолашга шошилмаяпти. Унинг айтишича, ҳозирда унинг асосий эътибори фақат навбатдаги ўйинга қаратилган ва мавсум якунига оид тахминларга берилишни хоҳламаяпти.

«Мавсумни иккинчи ўринда якунлаш ва Англия Кубогини қўлга киритиш ҳақида ҳозир ўйламаяпман. Менинг барча диққатим "Саутгемптон"га қарши навбатдаги баҳсда. Сўнгги кунларда мени ташвишлантираётган ягона нарса шу», — дея таъкидлади мураббий.

Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Сити" жамоаси Англия Премьер-лигаси 36-турида сафарда турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган "Саутгемптон" билан тўқнаш келади. Ушбу баҳс икки клуб учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, манчестерликлар учун Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Пеп Гвардиола: "Ҳаммаси ўз қўлимизда, бизга фақат учта ғалаба керак!"