
Испания чемпионатининг 35-турида "Барселона" жамоаси ўзининг принципиал рақиби – "Реал Мадрид" устидан драматик ва тарихий ғалабага эришди. Каталонияликлар 0:2 ҳисобида ортда қолаётган ҳолда, ажойиб камбэкни амалга ошириб, рақибини 4:3 ҳисобида таслим қилди.
Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоасининг иродали ғалабасига юқори баҳо бериб, мухлисларга ва футболчиларга миннатдорчилик билдирди:
«Бугунги ғалаба – мухлисларимиз ва футболчиларимиз учун ҳақиқий совға. Бу шунчаки фантастик натижа. "Реал" жуда юқори савиядаги жамоа экани ҳеч кимга сир эмас. Миландаги Чемпионлар лигаси яримфиналида 120 дақиқалик оғир ўйиндан кейин бундай қайтишни амалга ошириш осон бўлмади. Аммо футболчиларим руҳий ва жисмоний жиҳатдан ўз кучини намойиш этиб, бу ишнинг уддасидан чиқди. Ростини айтсам, бундай кескин ва асабий беллашувлардан кейин ўзимнинг ҳам юрагимни текширтиришим керак бўлиб қолди», – деб ҳазиломуз фикр билдирди Флик.
Бироқ германиялик мураббий ғалабадан кейин ҳам жамоасининг ўйинидаги камчиликларни яшириб ўтирмади. У айниқса, жамоанинг ҳимоя чизиғидаги хатоларга жиддий эътибор қаратиш кераклигини алоҳида таъкидлади:
«Ғалаба эришдик, аммо бу ўйин ҳимоя чизиғимизда ҳали анча иш қилишимиз кераклигини кўрсатиб берди. Прессинг ва ҳужумкор ҳаракатларда деярли муаммо йўқ, аммо биринчи голни ўтказиб юборган вазиятимиз каби хатолар такрорланаверса, бизга келгусида катта муаммолар туғдириши мумкин. Бундай хатоларга йўл қўйишимиз рақибларимизга катта устунлик беради. Шунинг учун жамоавий ўйинни янада яхшилашимиз лозим», – дея таъкидлади каталонияликлар устози.
Мураббий шунингдек, уч кунда бир бўлаётган учрашувлар туфайли машғулотларда барча камчиликларни мукаммал ишлаш имконияти бўлмаётганига ҳам урғу берди:
«Биз жисмоний жиҳатдан ва тактик жиҳатдан ўсишни мақсад қилганмиз. Аммо ҳозирда уч кунда битта ўйин ўтказаяпмиз ва бу машғулотларда кўп нарсани бажаришимизга имкон бермаяпти. Лекин бу – биз учун баҳона эмас. Ёзги тайёргарликни режалаштираётганимизда айнан ана шу камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратамиз», – деди Флик.
Айни дамда Ла Лигада мавсумнинг якунланишига 3 тур қолганда "Барселона" 82 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Энг яқин таъқибчиси бўлган "Реал" эса каталонияликлардан 7 очко ортда қолмоқда. Агар "Барса" кейинги турда ҳам ғалаба қозонса, муддатидан олдин чемпионликни ўз номига расмийлаштиради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар