
Ўзбекистон кубоги мусобақасининг учинчи босқичидан ўрин олган ОКМК ҳамда "Навоий ФА" жамоалари ўртасидаги учрашувда йирик ҳисоб қайд этилди. Учрашув Олмалиқ шаҳридаги "ОКМК" стадионида бўлиб ўтди ва мезбонларнинг 12:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан кейин ОКМК клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистлар билан матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
"Ҳақиқатдан ҳам, бугунги беллашув олдидан гуруҳдаги вазият аниқ эмасди, ҳар қандай натижа юз бериши мумкин эди. Шу боис ҳам биз майдонга деярли асосий футболчиларимиз билан тушдик. Бироқ, айрим етакчиларимиз – Ислом Тўхтахўжаев, Хуршид Ғиёсов ва Датси Клейдини бугунги ўйинда захирада қолдиришни лозим кўрдик. Бундай қарорга келишимиздан мақсад ёш футболчиларимизга имкон бериш, уларни катта ўйинларга руҳан ва жисмонан тайёрлаш эди.
Ўйин ўз майдонимизда бўлгани учун мухлисларимизга чиройли байрам совға қилишни режалаштиргандик. Голларнинг кўплиги ҳам мухлисларимизни хурсанд қилиш ва гуруҳ босқичида охирги турдаги ҳисоб-китобларимиз учун муҳим аҳамиятга эга эди. Назаримда, шу жиҳатдан мақсадимизга эришдик.
Албатта, рақибимиз "Навоий ФА" учун бу мағлубият анча оғриқли бўлгани табиий. Лекин мен рақиб жамоанинг ёш ва иқтидорли футболчиларидан кўнгилларини чўктирмасликларини, руҳан синмасликларини сўраб қолардим. Ҳа, ҳисоб катта бўлди, аммо бу ёш футболчилар учун келажакка қўйиладиган илк қадам ва муҳим дарс бўлади. Улар шундай ўйинларда тобланиб, катта футболда кучлироқ ва тажрибалироқ бўлиб етишадилар.
Ҳозир Ўзбекистон футболида ёшлар ва академияларга катта имкониятлар яратилаётган бир пайтда, шу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ўз устиларида ишлашни давом эттиришлари керак. Ушбу ўйин "Навоий ФА" жамоасидаги ёш йигитлар учун яхши тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман", – деб фикрларини якунлади Миржалол Қосимов.
Ушбу натижа билан ОКМК жамоаси Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичида муҳим ғалабага эришиб, кейинги босқич учун катта қадам ташлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар