
Хорватия терма жамоаси ва “Реал Мадрид”нинг афсонавий ярим ҳимоячиси Лука Модрич клуб сафидаги охирги учрашувидан сўнг мухлислар билан самимий хайрлашди. У жамоа клуб телеканали орқали сўнгги бор сўзга чиқиб, ўзининг туйғуларини яширмади.
— Мен учун энг катта мукофот — бу сизларнинг муҳаббатингиз. Бу туйғуларни таърифлаш қийин. “Реал”даги илк кунларимдан то бугунгача ҳар бир инсон, ҳар бир лаҳза қалбимда қолади. Бу клуб, бу мухлислар менинг юрагимда абадий яшайди. Барчаси учун чуқур миннатдорлик билдираман. Hala Madrid, – деди кўзлари намланган Модрич.
13 йиллик саф: рақамлар ва ютуқлар
Лука Модрич 2012 йили “Реал Мадрид” сафини тўлдирган эди. Шундан буён 13 йил мобайнида у жамоанинг ажралмас қисмларидан бирига айланди. Унинг ҳисобига 394 та расмий учрашув, 30 та гол ва дунёни тан олган мукаммал ўйинлар ёзилган.
У “Реал” билан 5 марта Чемпионлар Лигаси, 3 марта Ла Лига, 2 марта Испания кубоги ва бошқа бир қатор халқаро ва миллий совринларни қўлга киритди. 2018 йилда эса Модрич “Олтин тўп”га сазовор бўлиб, дунё футболидаги ноёб ютуққа эришган футболчилардан бирига айланди.
Фақат рақам эмас — муҳаббат, садоқат, юрак
Модричнинг фаолияти фақат статистика билан эмас, балки “Сантьяго Бернабеу”даги ҳар бир мухлис учун рамзий қийматга эга бўлган юракдан ўйинлар билан эсда қолди. Унинг барқарорлиги, етакчилик фазилати ва профессионал ёндошуви уни “Реал” тарихидаги энг сеҳрли ярим ҳимоячилардан бирига айлантирди.
Лука Модрич “Реал” сафидаги сўнгги мусобақасини ўтказар экан, жонли тарихни ёпаяпти. У кетяпти, аммо унинг изи ҳамон Бернабеуда, ҳамон мухлислар юрагида қолади. “Реал”дан кетаётган Модрич — фақат футболчи эмас, балки мадридликлар учун абадий руҳ, абадий қадрият. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар