date
views 1 511

"Насаф" ва "Андижон" ўртасидаги Суперкубок учрашуви олдидан муҳим баёнотлар!

"Насаф" ва "Андижон" ўртасидаги Суперкубок учрашуви олдидан муҳим баёнотлар!
Ўзбекистон Суперкубоги финал ўйини учун "Насаф" ва "Андижон" ўртасидаги ажойиб баҳс қизиқишга сабаб бўлди. Матбуот анжуманида Қарши жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Ҳусайн Норчаев ўз жамоаси ҳақида муҳим фикрлар билдирди. Улар ўйиннинг катта аҳамиятини таъкидлаб, мухлисларнинг ишончини қайтариш ва совринни қўлга киритиш учун катта тайёргарлик кўришганини билдирди.

"Хайрли кеч. Эртанги ўйин ажойиб муҳитда кечишини, мухлислар билан ҳақиқий байрамона ўтишини кутиш мумкин. Бу Суперкубок битта ўйиндан иборат. Шу боис кўп ҳужум ва кескин курашларга бой ўйин бўлади, шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Биз совринни қўлга киритишни жуда истаймиз. Жамоани кайфияти аъло даражада", - деди Рўзиқул Бердиев.

"Эртанги ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага ғалаба учун майдонга тушамиз", - деди Ҳусайн Норчаев.

- "Насаф" ҳимоячиларидаги ностабиллик сизни хавотирга солмаяптими? Эшмуродов ҳам, Муҳаммадиев ҳам, Голбан ҳам кутилган даражани кўрсата олмаяпти?
- Менимча савол чалкаш бўлди. Муҳаммадиевнинг ўйини, тажрибаси ҳақида аввал ҳам айтгандим. У ёш футболчилардан ҳам тез югуради. Биз Суперкубок арафасидамиз. Жамоамиз турнир жадвалида биринчи ўринда кетмоқда. Ҳар бир жамоада камчиликлар бўлиб туради. Агарда ҳимояда муаммолар бўлганида бундай натижалар кузатилмасди. Камчиликларимиз бор. Йигитларнинг ҳимояда кўрсатаётган ўйини бизни қониқтирмоқда.

- Бош мураббий сифатида Максим Шацкихга ютқазмагансиз. Бу руҳий томонлама устунлик берадими?
- Бу албатта статистика. Ўтган йили ҳам айтгандим. "Пахтакор"да ишлаган вақтида яхши натижалар қайд этганмиз. Лекин эртанги ўйин бошқа даражада бўлади. Максим бошқа жамоа билан қатнашяпти. Статистикани яхшилашга ҳаракат қиламиз. Мен учун жамоам ютуғи биринчи ўринда туради. Бундай ўйинга жиддий ёндошамиз.

- "Насаф"нинг эртанги ғалабаси кубокни тарк этганини ювади десак бўладими?
- Ўтган йилги натижалар такрорланаётгандек. Кубокни эрта тарк этгандик ва қайсидир босқичда ёмон ўйин кўрсатгандик. Якунда Суперкубокни қўлга киритганмиз. Ортга қараш керак эмас. Олдинга интилиш керак. Олдимизда чемпионат, Суперкубок бор. Кубокдаги ҳолат бизга таъсир қилмайди. Кубокнинг охирги ўйинида бизнинг асосий мақсадимиз бошқа эканлигини айтганман.

- Охирги 3 та ўйинда Шерзод Насруллаев захирада қолиб кетмоқда. Бунинг сабаби нимада?
- Шерзод бизнинг етакчи ўйинчиларимиздан бири. Қайдномага кирмаётгани биринчи ўринда жароҳати ва бетоблиги сабаб таркибга жалб қилинмади. Охирги ўйинларда даволанди. Эртанги ўйинга у ҳам тайёргарлик кўряпти. Вазиятдан келиб чиқиб унинг имкониятларидан фойдаланишимиз мумкин.

- Эртанги баҳсда терма жамоага чақирилган футболчиларда эҳтиёткорлик асосий планга чиқадими?
- Бизнинг ўз мақсадимиз бор. Эртанги ўйинда Суперкубокка эътибор биринчи ўринга чиқади. Улар ҳам тушуниб турибди бу ўйин муҳимлигини. Йигитлар бор имкониятини ишга солади.

- Ўйин пенальтилар сериясигача чўзилса, Неъматовга ўхшаган футболчилар яна чиқиб қоладими?
- Пенальти тепишда футболчиларимиз яна кўпайди. Ўтган йили маҳоратимизни кўрсатганмиз. Йигитларга ишонамиз, кечаги машғулотда ҳам бу борада ўзига хос мусобақа ўйнаганмиз.

- Максим Шацких пенальтилар учун алоҳида тайёргарлик кўрилмаслигини айтди. Бугунги машғулотда қолиб пенальтилар сериясига тайёрланасизми?
- Бугунги машғулот енгил ва стадионга ўрганиш асосида ўтади. Тактик ва техник, стандарт вазиятларни амалга оширмаймиз.

- Мухлислар қўллови қанчалик муҳим?
- "Андижон"нинг кучли тарафи мухлисларида. Қашқадарёда улардан кам бўлмаган мухлислар бор. Эртага ажойиб атмосферада тўп тепамиз. Бу ҳар томонлама ёқимли бўлиши шубҳасиз.

- Битта ўйиндан иборат ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. "Андижон"га қарши олдиндан ўйланган чизмалар борми? Ким майдонга туша олади ёки йўқ?
- Тўғри айтдингиз, битта ўйин бўлади. "Андижон" "Пахтакор", ОКМК, биз билан ҳам яхши ўйин кўрсатди. Рақибга жиддий эътиборда бўламиз. Эртага тартибли ўйнашимиз керак бўлади. Ҳозирда тўлиқ таркиб билан ҳозирлик кўрмоқдамиз. Жароҳат ёки бетоб футболчилар йўқ.

- "Насаф" Суперкубокда 2 бор мағлуб бўлган. Ўшанда Черан ҳал қилувчи гол урган. Унинг жамоага келиши маҳорат даражасини оширдими?
- Уни биласизлар. Черанни таклиф қилгандаёқ маҳоратини чамалаб бўлганмиз. Бундай футболчилар Суперлигада кам сонли. Самарқанд ва Яйпанда бизга гол урганди. Ундан сўнг икки бор Суперкубокда ғолиб чиқдик. Учинчисига Черан ёрдам беради. Унинг ёрдами тегади. Мақсадимиз шуки, у кўп югуриши шарт эмас. Лекин кўрсаткичлари шуни айтяптики, 10 кмдан ошиқ югурмоқда. Ўзини тутиши, етакчилик қобилияти бизга керак бўлади.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Насаф" ва "Андижон" ўртасидаги Суперкубок учрашуви олдидан муҳим баёнотлар!