
Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган “Машъал” – “Бунёдкор” (1:1) беллашувидан сўнг “қалдирғочлар” бош мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди ва ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ҳар бир ўйин мен учун тажриба мактаби”
— Ўзбекистон Суперлигасида иш бошлаганимдан буён шунга амин бўлдимки, ҳеч бир ўйин енгил ўтмайди. Мен ҳозирда кўплаб мураббийлардан ёшман ва шу билан бирга фаолиятим орқали қимматли тажриба тўплаб боряпман. Футбол — бу фақат тактика эмас, балки эмоциялар, ҳаяжон, стресс ва ҳис-туйғулар билан тўла спорт тури. “Бунёдкор” билан бир йилдан ортиқ вақт ичида шунчалик қийин ўйинларни бошдан ўтказдикки — ғалабалар, дуранглар, мағлубиятлар ҳам бор. Аммо барчаси мен учун ривож ва ўсиш мактабига айланмоқда, — дейди Зейтуллаев.
“Иккинчи голимиз нега бекор қилинди – жавобни ҳакамлар берсин”
VAR тизими ёрдамида “Бунёдкор”нинг иккинчи голи бекор қилинган ҳолатга ҳам Зейтуллаев тўхталиб ўтди:
— Ҳар бир қарорга мутахассислар баҳо бериши керак. Мен мураббийман ва ҳакамлик ишларига аралашмайман. Қаерда ўйиндан ташқари вазият бўлганини ҳакамлар изоҳлаб беради. Балки футболчининг танасининг бир қисми олдинда бўлгандир. Лекин бу менинг вазифам эмас. Қарорлар ҳакамлар назоратида ва тегишли платформа орқали расмий баёнотлар кутиб қоламиз, — деди у.
“Голдан сўнг ҳимояга ўтиб кетмадик”
Зейтуллаевга кўра, жамоа гол урганидан сўнг ҳимояга ўтмаган, аксинча, ўйиндаги вазиятга қараб ҳаракат қилган:
— Биз бутун ўйин давомида ўша услубда ҳаракат қилдик. Ҳужумга ўтиш, ҳимояда тўғри туриш — бу барчаси вазиятдан келиб чиқади. Телевизорда томоша қилганда жамоа ҳимояга ўтиб кетгандек кўриниши мумкин, лекин реал ҳолатда бу тактик ёндашув. “Навбаҳор”га қарши ўйинда ҳам айни услубда ҳаракат қилдик ва охирги лаҳзаларда гол ўтказиб юбординг. Футболда жамоанинг ҳиссиёти кўпинча ҳисобга боғлиқ бўлиб қолади, — деб таъкидлади мураббий.
“Юз бераётган воқеалар фикр юритишга чорлаяпти”
Матбуот анжумани якунида Илёс Зейтуллаев ҳакамлик ва умумий футбол муҳитига алоқадор масалаларга ҳам эътибор қаратди:
— Ислом Исмоилов сингари бир қатор инсонларнинг сўнгги пайтларда билдирган фикрларини кузатиб боряпман. Улар футболда кузатилаётган муаммоларга ечим излашга чорлаяпти. Балки вақт келиб, ҳаммамиз биргаликда тўхтаб, ушбу масалаларни жиддий муҳокама қилишимиз лозим бўлар, — дея хулоса қилди Зейтуллаев.
Сўз сўнгида айтиш мумкинки, Илёс Зейтуллаев “Бунёдкор”да ёш бўлишига қарамай, катта масъулият билан ишламоқда ва ҳар бир ўйиндан ўзи учун сабоқ чиқараётгани бу мураббийнинг келажаги борлигини кўрсатиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар